13:11 | 11.07.22 86

ДХХ Тошкентда чақалоғини 35 минг долларга сотмоқчи бўлган аёлни ушлади

Аниқланишича, шифокор 200 доллар эвазига аёлга фарзандини пуллашда ёрдам берган

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент ва Сирдарёда одам савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Тошкент шаҳрида яшовчи 1994 йилда туғилган А.Ш. фарзандини сотмоқчи бўлгани аниқланган. У 15 июнь куни туғилган чақалоғини 35 минг АҚШ долларига сотиб, келгусида болани қайтариб олиш учун даъво қилмаслик бўйича тилхат ёзиб берган вақтида ушланган. Шунингдек, унинг мазкур ноқонуний ҳаракатини амалга оширишида ёрдам бергани учун 200 доллар олган туғруқхона шифокори ҳам қўлга олинди.

Шу билан бирга, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Боёвут туманида тезкор тадбир ўтказилган. 1993 йилда туғилган Х.Д. исмли аёл ўзининг 4 ёшли ўғлини 16 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 8 ойлик ўғлини 10 минг долларга сотган аёлга суд ҳукми ўқилганди. У фарзандини боқишга имкони йўқлиги учун сотмоқчи бўлган.