Германия дунё давлатларини ядровий қуролсизланишга чақирди
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок дунёни ядровий қуролдан воз кечишга чақирди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Бербок 10 июль куни 1945 йилда Америка ядровий ҳужуми оқибатида вайрон бўлган Нагасаки шаҳрига ташрифи чоғида бу ҳақда гапирган.
«Мазкур бомбардимон ядровий қуролсиз дунё қуриш бўйича огоҳлантириш эди, ҳатто биз ундан жуда узоқда бўлсак ҳам», — деган Бербок.
Унинг таъкидлашича, Германия сўнгги пайтларда ядро қуроллари кўпайиши фонида ядровий қуролсиз дунёга интилиши керак. Расмий Украинадаги урушга ишора қилиб, Берлин глобал вазият ҳозир бошқача бўлса ҳам, ядровий қуролсизланишни қўллаб-қувватлашини айтган.
Сиёсатчи Германия ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома бўйича маслаҳатлашувларда кузатувчи сифатида иштирок этиши ва Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасидаги фаолиятини давом эттиришини айтган.
Германиянинг ўз ядро қуроли йўқ, бироқ экспертларнинг фикрича, унинг ҳудудида АҚШнинг 20 га яқин ядровий бомбаси жойлашган. Ушбу ядро каллакларини Германияда жойлаштириш NATO шартномасининг бандлари билан шартланган.
Аввалроқ Россияда сайёрадаги ядровий портлашларни рўйхатга олиш маркази ишга тушганди. Шунингдек, Эрон ерости ядро иншооти қураётгани маълум бўлганди.


