Марказий банк банкоматлардан нақд пул олишда оширилган тўлов бўйича изоҳ берди
Ўзбекистонда банкоматлардан нақд пул ечишда оширилган комиссия тўловлари тўғрисида хабарлар тарқалди. Марказий банк ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Тармоқларда айрим банкоматлардан нақд пул олишда пул миқдоридан келиб чиқиб, 3 фоизгача комиссия тўловлари олинаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган. Банкнинг келтиришича, байрам кунлари муносабати билан республика ҳудудидаги 9500 дан ортиқ банкоматларнинг узлуксиз ишлаши ва етарли миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш чоралари кўрилган.
Банкоматлардан нақд пул ечиш учун комиссия тўловлари тижорат банклари томонидан банкоматга хизмат кўрсатиш харажатларидан келиб чиқиб, мустақил белгиланади ва бугунги кунда 1 фоиздан ошмайди. Айрим тижорат банки томонидан алоҳида бир банкоматда эксперимент тариқасида табақалашган юқори комиссия тўлови ўрнатилган бўлса, эркин бозор шароитида бу ўзини оқламаслиги айтилган.
Қўшимча қилинишича, бошқа банкоматларда комиссия тўлови 1 фоиз ёки ундан паст қилиб белгилангани сабаб истеъмолчилар арзон хизматидан фойдаланишни афзал кўради.
«Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, Сиздан маълумотларни тарқатишда уларнинг ҳақиқийлигини ҳамда тизимдаги хизматлар кўламига таъсирини инобатга олишингизни сўраймиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ айрим банкоматларда катта миқдорда пул ечиш учун 1,5 фоиздан 3 фоизгача комиссия жорий этилгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. «Bugun.uz» уларни бир жойга тўплаб, мақола эълон қилганди.


