Афғонистонда аҳоли хавфли касалликка чалинмоқда
Хасталикдан бир суткада 40 киши вафот этган
Афғонистоннинг икки вилоятида бир суткада 40 га яқин одам вабодан вафот этди. Бу ҳақда «Khamaa Press»га таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Хавфли касаллик мамлакат жанубида жойлашган Ҳилманд ва Зобул вилоятларида қайд этилган. Охирги 24 соат ичида бу ерда 120 дан ортиқ одам вабо билан касалланган. Хасталикдан вафот этганлар орасида камида 15 нафар бола ҳам бор. Касалланганларнинг аксарияти Багран, Сивари ва Дайчопан туманлари аҳолисидир.
Ҳолат юзасидан ҳар икки вилоятга кўчма тиббий бригада жўнатилган. Айрим фуқаролар санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаган ҳолда даволанаётгани сабабли вабо ўлимга олиб келмоқда. Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қандаҳор вилоятида ҳам бир нечта инфекция ҳолатларини қайд этган.
Маълумот учун, вабо — Vibrio cholerae микроорганизми келтириб чиқарадиган ўткир инфекция. Касаллик диарея билан кечади, бу сувсизланиш ва қон томирлари етишмовчилигини келтириб чиқаради. Кўпинча инфекция ифлосланган сув ёки денгиз маҳсулотлари орқали юқади.
Аввалроқ Хитойда вабога чалиниш ҳолати аниқланганди. Шунингдек, Қозоғистон сув омборларида вабо бактерияси қайд этилган.