Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раисини қабул қилди
Президент Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясниковични қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, инновациялар, миграция ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилган.
Давлат раҳбари Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида ташкилот тузилмалари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйганини алоҳида таъкидлаган. Тегишли меморандум ва 2023 йилларга қадар даврга мўлжалланган Қўшма тадбирлар режаси амалга оширилмоқда. Бугун Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхати имзоланган.
ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари ижобий суръат билан ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, лойиҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, миграция тартиботларини соддалаштириш ва ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Қўшма Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 4 июль куни иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилганди. Шунингдек, давлат раҳбари 13 июнь куни Америка Қўшма Штатлари Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани хабар берилганди.


