Тожикистон армияси ҳақида сохта хабар тарқатганларга жазо тайинланади
Тожикистон Қуролли кучлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани учун жарима ёки маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жазо қўллаш таклиф қилинди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Тожикистон Мудофаа вазирлиги сайтида эълон қилинган. Вазирлик ОАВ, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали Тожикистон Қуролли Кучларида хизмат қилиш шартлари ёки армияга чақирув кампанияси ҳақида ёлғон ва тасдиқланмаган маълумотлар тарқалишининг олдини олиш учун шундай чора кўрмоқчи.
«Ишончсиз хабарлар Қуролли Кучлар обрўсига путур етказади, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситади. Ёлғон маълумотларнинг кўпайиши Мудофаа вазирлигини ушбу ҳодисага қарши курашнинг янги усулларини излашга мажбур қилди», дейилган вазирлик хабарида.
Эндиликда ҳужжат Тожикистон қонун чиқарувчи органлари томонидан кўриб чиқилади. Агар тасдиқланса ва президент томонидан имзоланса, ўзгартиришлар кучга киради.
Аввалроқ Тожикистонда миллатига кўра камситишга қарши қонун қабул қилинганди. Шунингдек, Японияда онлайн ҳақорат учун қамоқ жазоси белгиланганди.




