Юрак етишмовчилиги белгилари, уни даволаш усуллари қандай?

Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг бир неча шаҳарларида шифокорлар, кардиологлар ва терапевтлар учун юрак етишмовчилигини даволаш методларига бағишланган семинарлар ўтказилди. Иштирокчиларнинг умумий сони 500га яқин бўлиб, улар онлайн ва офлайн форматда долзарб мавзулар муҳокамасини тинглаш имкониятига эга бўлишди.

Йиғилганларга илмий маърузани 360 та илмий ишлар муаллифи бўлган кардиолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Бутунроссия юрак етишмовчилигини даволаш бўйича мутахассислар жамияти аъзоси Сергей Гиляревский ўқиди. Россиялик профессорнинг Bugun.uz мухбирига берган интервьюсида юрак етишмовчилиги ва умуман юрак касалликларини даволаш билан боғлиқ бир қатор масалалар хусусида сўз борди.

– Сегрей Руджеревич, шу кунга қадар Ўзбекистон бўйлаб ташкил қилган семинарларингиздан қандай таассуротлар олдингиз?

– Аввало шуни таъкидлаб ўтишим керакки, Polpharma Group аъзоси бўлган SANTO томонидан ташкил этилган ушбу тадбирлар жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу ўзаро билим ва тажриба алмашишга катта ҳисса қўшади. Учрашувлар жами учта шаҳар – Самарқанд, Фарғона ва Тошкентда бўлиб ўтди.

Шу ўринда шифокорларнинг юқори салоҳиятини ҳам эътироф этишим жоиз. Бу уларнинг савол-жавобларда, фикр ва мулоҳазалар билдириш учун иштирок этишга бўлган қизиқишларининг юқорилигида яққол сезилиб турди. Ўйлайманки, тадбирлар юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларни даволаш тактикасини муҳокама қилиш нуқтаи назаридан фойдали бўлди.

Хусусан, юрак етишмовчилиги бўлган беморларда прогнозни яхшилаш учун бошиданоқ тўртта асосий препаратни қабул қилиш муҳимдир. Улардан иккитаси, масалан, SANTO компанияси портфелида. Шифокорлар, ўз навбатида, сифат кафолати ва юқори даражадаги текширувдан ўтган ишончли дори-дармонларни ишлаб чиқарадиган барқарор ҳамкор фирмаларга эга бўлишлари муҳим.

– ЖССТ маълумотларига кўра, юрак касалликлари бутун дунёда беморларнинг ўлими сабаблари орасида етакчилигича қолмоқда экан. Нима деб ўйлайсиз, нима учун бундай кўрсаткичлар йилдан-йилга ўсиб боряпти, бу турдаги касалликлар динамикасини ижобий томонга ўзгартириш имкони борми?

– Ҳа, чиндан ҳам юрак касалликлари статистикаси юқорилигича қоляпти. Бу инсон фаолияти, унинг атроф-муҳит билан ўзаро муносабати, замонавий цивилизация шароитлари ва натижада қон босимнинг ошиши билан боғлиқ. Бундан ташқари, носоғлом овқатланиш ортидан келиб чиқадиган юқори холестерин даражасини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу иккита муҳим омилдир. Сўнгги ўн йилликларда биз одатланган меъёрлар аслида мақбул даражага мос келмаслиги аниқ бўлди. Масалан, қон босими, жумладан, холестерин даражаси паст бўлиши керак. Бошқа омиллар ҳам бор – чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш. Яна бир муҳим омил – ёш, беморнинг ёши қанча катта бўлса, юрак-қон томир касалликлари хавфи шунча юқори бўлади.

– Модомики, ёшнинг ҳам аҳамияти бор экан, қайси ёшдан бошлаб кардиологларга мурожаат қилишни тавсия қиласиз?

– Мен болаликданоқ текширувлардан ўтиб туриш керак деб ҳисоблайман. Ҳозирги болаларда артериал гипертония тез-тез аниқланяпти. Бу метаболик синдромнинг тарқалиши билан боғлиқ, жуда кўп болаларда ортиқча вазн бор, бу муҳим омиллардан бири.

Худди шу йўналишда – жисмоний ҳаракатсизлик, компьютерга муккасидан кетиш, гаджетлар, жисмоний фаолликнинг пастлиги ва ширин ичимликларга қарамлик. Бундай маҳсулотлар, жумладан, таркибида шакар бўлган газли ичимликлар, очликни сусайтирмайди, аксинча, тескари таъсирга олиб келади.

– Юрак етишмовчилиги бўлган беморда қандай аломатлар кузатилади?

– Уларнинг ҳаммаси ҳам алоҳида белгиларга эга эмас. Лекин, агар нафас қисилиши кузатилса, бу шифокорга бориш учун етарли сабабдир. Албатта, бу ўпкадаги бошқа касалликлар билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, бу шифокор хулосасини талаб қиладиган аломат. Бундан ташқари, шишларга эътибор бериш керак. Улар ҳар доим ҳам юрак етишмовчилиги аломати бўлавермайди, аммо шифокор билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ.

– Юрак касаллиги бўлган беморларда COVID-19 қандай кечади?

– Бу нафақат асосий касалликнинг оғир кечишига сабаб бўлади, балки ўлим хавфининг ортишига олиб келади. Яқинда чет эллик олимлар коронавирус инфекцияси ташхиси қўйилгандан кейин икки ҳафта ичида юрак хуружи ва инсульт, шунингдек, тромбоэмболик асоратлар хавфи икки ярим бараварга ошишини аниқлашди.

– Нима деб ўйлайсиз, яқин келажакда юракнинг ўрнини тўлиқ боса оладиган сунъий юрак яратилиши мумкинми?

– Бугунги кунда юрак етишмовчилигининг терминал босқичи бўлган беморларни даволашда стандарт ёндашув юрак трансплантацияси бўлиб қолмоқда. Россияда бундай трансплантация ҳам қўлланилади, у юрак етишмовчилигининг терминал босқичида бўлган беморлар учун стандарт даволаш усули ҳисобланади. Барча мамлакатлардаги асосий муаммо донорларнинг етишмаслиги билан боғлиқ, шунинг учун қўшимча чоралар кўрилади – булар механик юрак, ёрдамчи қон айланиш ускунаси кабиларни ўз ичига олади. Ушбу қурилмаларнинг муаммоси шундаки, улар антикоагулянт терапия – қонни суюлтирадиган дориларни қабул қилишни талаб қилади.

Бундан ташқари, танадаги бегона жисм инфекциялар хавфига олиб келиши мумкин. Мазкур ёндашув юрак трансплантациясидан олдин, оралиқ босқич сифатида қўлланилади.

– Коронар шунтлаш амалиётидан кейин беморлар учун энг афзал спорт тури қайси?

– Кўпроқ юриш мақсадга мувофиқ, энг яхши вариант Скандинавия юришидир. Мен ушбу амалиётни бошидан ўтказган беморларга сузиш ёки юракка ортиқча босим берадиган спорт турларини тавсия қилмаган бўлардим. Ҳозирда нафақат динамик, балки статик юкламалар, шунингдек, йога ҳам муҳим рол ўйнайди.

Овқатланиш рационида калорияларни чеклаш, озиқ-овқат маҳсулотларининг энергия қийматини камайтириш ва албатта, тез сингадиган углеводлар ва ширин ичимликлардан тийилиш муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, холестеринга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилиш ва юрак-қон томир касалликларидан ўлимнинг кўпайиши ўртасида боғлиқлик бор. Жойи келганида ҳайвон ёғларини чеклаш эмас, балки тўлалигича ўсимлик ёғларига алмаштириш ҳам муҳим.

Ёнаётган баррикада, намойишга чиққан истеъфодаги ҳарбийлар, Таиланддаги ноодатий фестиваль — бугун суратлари
Жамият23:37 | 27.9.22
Ёнаётган баррикада, намойишга чиққан истеъфодаги ҳарбийлар, Таиланддаги ноодатий фестиваль — бугун суратлари
Ўзбекистондаги қурилиш институтлари Туркия университетлари билан ҳамкорлик қилади
Жамият22:02 | 27.9.22
Ўзбекистондаги қурилиш институтлари Туркия университетлари билан ҳамкорлик қилади
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Жамият21:39 | 27.9.22
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Жамият21:00 | 27.9.22
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Жамият20:54 | 27.9.22
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Жамият20:13 | 27.9.22
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди