«Биз ПКТ қуролидан юқорига қаратиб ўқ отдик. Аммо улар қочмади» — Рустам Бобожонов

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар вақтида БТР намойишчилар томонидан ўраб олингани акс этган кадрлар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. «Bugun.uz» мазкур ҳарбий техника экипажи командири Рустам Бобожонов билан воқеа қандай содир бўлгани ҳақида эксклюзив суҳбат уюштирди.

Кадр: YouTube / Bugun UZ

Қуйида суҳбатни матн шаклида эътиборингизга ҳавола этамиз. Суҳбатнинг видео шаклини эса қуйида томоша қилишингиз мумкин.

— Тартибсизликлар ҳақида биринчи марта қачон ва қаерда эшитдингиз?

— 1 июль куни Нукус шаҳридаги Жўқорғи Кенгес биноси атрофида аҳоли йиғилиб, оммавий тартибсизлик уюштирмоқчи бўлганини эшитдик. Шундан кейин бутун ҳарбий округимиз оёққа турди. Барча хизматчилар жанговар шай ҳолатга келтирилиб, гуруҳларга бўлиниб, кенгаш олдида вужудга келган тартибсизликни бартараф қилиш мақсадида воқеа жойига кетди.

Шу вақтда 6 нафар бошқарма офицери ҳарбий қисм хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда қолдик. Бу ҳолат 1 июль куни туш вақтидан кейин рўй берди. Шундан кейин ярим тунга қадар патрулда хизматимизни давом эттирдик. Соат 01:00 да бутун шахсий таркибга анжом-аслаҳалар билан майдонга сафланиш бўйича топшириқ берилди. Саф майдонига етиб бордик. Маълум бўлишича, тартибсизликни кучайтириш мақсадида Нукус шаҳрига бошқа туманлардан одамлар кириб келаётгани ҳақида хабар олинган.

Уларни тўхтатиш мақсадида 12 та блок-пост ташкил қилинди. Ҳар бир постда ички ишлар ходимлари раҳбар сифатида тайинланди, биз эса уларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул эдик. Менинг экипажимда жами 10 нафар хизматчи ва битта БТР зирҳли техникамиз бор эди. Соат 4:00 да 1-блокпост раҳбари этиб тайинландим, соат 15:00 да манзилга чиқиб кетдик. 15:30 да етиб бориб, блокпостни ўрнатдик, ўқ отиш секторларини ёйдик.

Ички ишлар ходимлари Нукус шаҳрига автомобиль билан кириб келаётган аҳолини текшириши керак эди. Хизматни бошладик, 17:00 да ички ишлар ходими келиб, блокпостни тарк этиб, ҳамма ўз жойига қайтишини, ичкарида тартибсизлик кучайганини айтди. Мен ўз хизматчиларимга ҳамма зирҳли техникага чиқсин, деб буйруқ бердим. 200 метр юрганимиздан сўнг, йўл четида аҳоли тўпланиб турганини кўрдик. Тўхташга буйруқ бердим. У ерга борсак, йўлимизга чиқишарди.

Уларнинг қўлларида оловли буюмлар бор эди. Шу сабабли тўхтадик. Техникани орқага қайтараётганимизда у ерда ҳам одамлар тўпланганини кўрдик. Экипажда эса қурол йўқ эди. Улар фақат дубинка билан қуролланганди. Кейин ҳарбий қисм командири билан боғланиб, қурол ва қўшимча ёрдам жўнатишини сўрадим. Бунгача эса БТР люкларини қулфлаб, ҳамма жанговар шай ҳолатда туришини айтдим. Агар ўқ отишга буйруқ берилса, техникада 2,5 мингта ўқ бор эди. Битта ўқ отилганда, 20 кишини йўқ қила олади.

Шундан сўнг одамлар биз томонга югуриб кела бошлади. Қўлларида лом, арматура, ғишт, тош ва оловли шиша идишлар (Молотов коктейли) бор эди. Шахсий таркиб билан қонга қон, жонга жон деб келишдик. Бир бошга бир ўлим, ўлсак, шу ерда жасорат билан жон берамиз дедик. Лекин қочмаймиз, дедик. Қочишга йўл ҳам йўқ эди. Йўл бўлганда ҳам қочмасдик, биз қочиш учун хизмат қилмаймиз.

Одамларни кўриб ҳарбий қисм командирига қайта қўнғироқ қилдим, «Ўртоқ командир, отишга рухсат беринг», дедим. У эса юқоридан буйруқ олган, тинч аҳолига ўқ отиш мумкин эмас эди. Чунки биз бир халқмиз, бу халқда эса 100 дан ортиқ миллат бор. Аммо уларнинг орасида 1-2 та манқуртлар бор экан. Ўша ёвуз кучлар уларга олдиндан пул тарқатган ва оммавий тартибсизликларга тайёрлаган. Бу яққол кўриниб турганди. Улар қандай келаётгани, ҳаракатланиши, қуролланиши ва ҳужум қилишигача кўриб тургандик. Ва бу махсус тайёргарлик эди.

Уларнинг аксарияти ёш болалар эди. Улар буни оддий ўйин деб, тош отиб қайтиб келамиз деб ўйлаган. Ичида 40-60 ёшлилар ҳам бор, улар ҳам ташқи кучларнинг ёлғонига алданган. Пул тарқатилган, уларга ёлғон маълумот берилган. Ароқ тарқатилган, буни техникада ўтириб кўрдик. Одамларнинг ярмидан кўпи қўлида бутилка ушлаб олганди. Улар ичиб югуриб келяпти. Ёшлар болалик қилди, катталар мастлик қилди.

Ҳарбийлар қорақалпоқларга ҳужум қиляпти, улар Қорақалпоғистонни эгаллаб олмоқчи, деган ёлғон маълумотлар беришган. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон бир ва халқ буни билади. Шунчаки, улар ёлғонга ишониб қолишди.

Кейин биз ўша ПКТ қуролидан тепага қаратиб ўқ отдик. Ўқ отган вақтимизда улар қочмади. Яқинига ҳам келиб бўлганди БТРни, қочди, лекин мастлари, кўзига қон тўлганларининг мақсади нима эканини БТРдан чиққан вақтим билдим: улар Қорақалпоғистондан кетинглар, бизни тинч қўйинглар, бизга тегманглар, деган гапларни гапиряпти.

Бизни уряпти ва шу гапларни гапиряпти. Урганда ҳам жондан ўтқизиб уряптида. Қўлидаги ёнувчан аралашмани БТРни тагига ташлайман деяпти, ёқиб юбормоқчи бўляпти. Агар ёниб кетса, менга қўшилиб ўнта ҳарбий хизматчи ўша ердаги техникаларимиз билан йўқ бўламиз. Улар шунга қодир эди. Шу даражагача тайёр эди.

Кейин шахсий таркибимга «команда» бердим, битта-битта ташқарига чиқиш бўйича. «Бир бошга бир ўлим, ташқарига чиқамиз, вақт бўлди, ҳозир ёрдамчи кучлар келади, йигитлар, узоғи 5-10 дақиқа чидаб беринглар», дедим. Болалар эшикни очди, ташқарига чиқди, улар қўлидаги бор нарса: арматура, дубинка, тош, ғишт — ҳаммаси билан уриб ётибди. Болалар зарбаларни қабул қилишни бошлади. Худодан ичимда сўраяпман: «Эй Худо, шахсий таркибим билан қўшиб, бизни соғ-саломат сақлагин».

Ўша халқнинг тинчлигини сақлаш учун борганмиз Қорақалпоғистонга. 2015 йил борганман, ўшандан бери ўша ернинг нони, тузини еяпман. У халқ нимага бундай қилганини тушунмадим мен бошида. Ерга ётқизиб олиб тепишяпти, бошимга орқадан тепди, хушимдан кетишимдан олдин олдимдан ҳам яна биттаси тепди — хушимдан кетдим. Шу даражада хушимдан кетдим, ҳеч нарсани сезганим йўқ.

БТРни ёнида, ерда дўппослади. 10 тадан кўп эди мени ўзимни дўппослаганлар. Қўлимдан судраб, ҳаммамизни бир жойга ташлади. Қўлимдан судраб олиб келганини билдим, сездим. Кўтариб отиб юборди мени, шахсий таркибим билан бир жойга йиғилиб қолдик.

Кейин битта сержантим айтди: «Ифлослар, ўлдириб қўйдинг мени капитанимни! Ўртоқ капитан, ўлманг!». Шу гапларни эшитяпман қулоғим билан, хушимдан кетганман, лекин эшитяпман.

Шу пайтда ёрдам кучлар ҳам келди. Худога шукр, соғ қолдик. Кейин доимий жойлашув жойи — ҳарбий қисмгача етиб келдик. Оилам кўзимни олдига келди. Юртим кўзимни олдига келди. Нима учун хизмат қилаётганим кўзимни олдига келди.

Худога шукр, тирик қолдим. Мана, ҳозир Тошкентга олиб келишди [ҳарбий] госпиталга, текширишди, ҳаммаси яхши экан. Ҳамма олган зарбаларим омадли экан, врачлар айтди. Омадинг бор экан, Худо умр берган экан, яшайсан, дейишди.

Яшайман, 3-4 кунда ўзимга келаман, яна бораман. Ҳозир агитация юргизган, тарғибот-ташвиқот қилган одамларни суриштириш ишлари кетяпти. Гаплашяпмиз телефон орқали, мендан сўрашяпти маълумотлар: кўрганинг ичида «команда» бергани, тарғибот юритгани, отгин, қочгин, деганлари борми, деб. Бор эди, кўзим билан кўрганман, кўрсам танийман. Қанақа техникада келгани, қандай тарғибот юритганини биламан. Мен 10-15 кишини биламан, қолганлар ҳам танийди.

Биз уларни топамиз, давлатни ҳеч қачон сотмаймиз. Ортда турган ёвуз кучлар ҳам ҳали кўради. Отам ҳарбий бўлган, ватанга виждонан хизмат қилган. Сариосиё воқеаларида хизмат қилган. Хизмат бурчини бажариш вақтида автоҳалокатга учраган. Ҳозирда 2-гуруҳ ногирони. Дуо қилиб ўтирибди. Отамнинг изидан кетганман, орқага йўл йўқ. Юрт тинчлигини сақлаймиз, бу ҳаётга синов учун келганмиз. Синовларни бошдан ўтқизяпмиз.

Мен айтган воқеаларнинг барчаси рост. Бир бошга бир ўлим, ўлсак, ўламиз, лекин кетмаймиз дедим. Ижтимоий тармоқларда ҳарбийлар қочяпти, дейишди. Аммо улар ҳарбий эмас, уюштирилган тасвирлар. Бизникилар қочмайди, шу ерда аскарларим даволаняпти. Йигитлар 1 йиллик хизматга келган, энди 2-3 ой хизмат қилди. Қасамёд қилган, садоқат билан хизмат қилади. Бирортаси ортга қочмайди.

Мен айтмоқчи бўлганим, Қорақалпоғистонда бўлаяпти деб ижтимоий тармоқда тарқалаётган воқеаларнинг ҳаммаси бўҳтон. Бирортаси ҳақиқат эмас. Менинг зирҳли техникамда бўлган воқеаларни ҳам чиқаришди. Бу ҳақиқат, ўзи кўриниб турибди. БТРга ҳужум қиляпти, бизни дарахтзорга олиб кириб уряпти, кўриниб турибди. Мени икки қўлимдан судраб олиб кетишгани тасвирга тушган. Лекин байроқни кўтартириб қўйиб, аскарлар қочяпти, юртини сотяпти деган гапларнинг ҳаммаси бўҳтон. 200 фоиз кафолат бераман, улар бизнинг аскарлар эмас. Бизникилар ундай қилмайди. Қилса ўша ерда ўлади. Шу бизникиларнинг қон-қонига сингдирилган. Армияга келаётган аскарлар оддий болалар эмас, улар юрагида ўти бор, хизмат қиламан деб келаётган йигитлар.

Орқада турган кучларни аниқлашяпти, қанчаси топиб бўлинди. Мен ҳам суриштирдим, тезроқ оёққа туриб кетмоқчиман. Менга бу ерда ётиш ярашмайди. Ўзим спортчиман. Халқимизга айтмоқчи бўлганим, ижтимоий тармоқдаги барча гаплар ёлғон. Улар бизникилар эмас. Халқим мени гапимга ишонади. Ўзим ўша воқеанинг ичида юриб, жанжалда қолиб келдим. Келганимга 2 кун бўлди, врачлар яхши қараяпти. Аскарларимнинг бири нейрохирургияда, бири травматологияда ётибди. Ҳаммасини кўриб келяпман, ҳаммаси соғ. Барчамиз ортга қайтамиз. 3-4 кунда ўзимизга келамиз ва кетамиз.

— 2015 йилдан бери Нукусда хизмат қиламан деяпсиз. Сиз қорақалпоқ халқини яхши биласиз, улар бундай ишлар қилмайди. Тўғрими?

— 2015 йилдан бери қанча-қанча қорақалпоқ дўстлар орттирдим. Улар билан елкама-елка хизмат қилдик. Улар ҳозир ҳам биз тарафда. Умуман, бундай ишлар қилишмайди. Жуда ҳам содда ва меҳмондўст халқ. Ўзбек халқи қандай бўлса, қорақалпоқлар ҳам шундай. Яхшилик кўрган бўлсам, кўрганман. Лекин ёмонлик кўрмаганман. Яшайдиган ҳудудимда ёши улуғлар бор, оилам билан муаммо бўлиб қолганда, телефон қилиб ёрдам сўрайман. Мендан яхшироқ меҳрибонлик қилади.

Тўй-маросимлар қилади, борамиз. Ўзиникиларни чақирмаса ҳам, бизни чақиради. Борамиз, хизмат қилиб, ўйнаб-кулиб юрибмиз. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бу халқ билан бирмиз. 7 йилдан бери ота-онамдан узоқда, шу халқ билан яшайман. Шу сабабли бу менинг ҳам халқим. Бораман, керак бўлса, ўлгунимча шу ерда хизмат қилишга тайёрман. Қорақалпоқ халқи, мен сизлар биланман. Сизлар ҳеч қачон ёвуз кучларнинг ёлғонига ишониб қолманг. Сизлар ўзбек халқи билан қондош бир халқсизлар. Сизларни яхши кўраман.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1 июль куни соат тахминан 15:00 дан бошлаб айрим фуқаролар шаҳар Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштирганди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича маълумот бериб, намойишчиларни амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилганини маълум қилган. Вазирликнинг 1 июль соат 21:25 да эълон қилган маълумотида жамоат тартиби тиклангани алоҳида қайд этилган.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси 2 июль куни мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берган. Унга кўра, популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабаларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғган.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукусга етиб борди. Президент у ерда Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказганди. Давлат раҳбари унда Ўзбекистон Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлаган.

Қорақалпоғистонда 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон Республикаси коменданти этиб тайинланган. Ҳудудга кириш ва чиқиш чекланган. Барча оммавий тадбирлар тақиқланган.

Шунингдек, ҳудудга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг куч ва воситалари жалб этилган. Вазирлар Маҳкамаси маҳкаманинг захира фонди ва бошқа давлат манбаларидан фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратиши белгиланганди.

Шавкат Мирзиёевнинг 13 июль кунги фармони билан Қорақалпоғистондаги вазиятнинг барқарорлашгани ва ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётгани ҳисобга олиниб, комендантлик соатининг амал қилиш вақтини соат соат 23 дан соат 5 га қадар этиб белгилашга қарор қилинган.

Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Жамият, Жиззах12:51 | 19.8.22
Жиззахда ўнга яқин машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Жамият12:15 | 19.8.22
Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Жаҳон12:11 | 19.8.22
Бразилия президенти қамалиши мумкин
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Жаҳон12:06 | 19.8.22
Россия ва Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиблари музокара ўтказди
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Жамият12:05 | 19.8.22
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати салқин бўлади
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади
Жамият11:30 | 19.8.22
Йилига 500 мингта автомобиль: «UzAuto Motors» ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширади