Бугун оқшоми. 200 минг сўмлик банкнот, кутилаётган рекорд даражадаги иссиқ об-ҳаво, юмшатилган фавқулодда ҳолат режими

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Кун хабари: 15 июлдан 200 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилади.

Марказий банк 15 июлдан муомалага кириладиган номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот дизайнини ҳам эълон қилди. Унинг тематикаси Буюк Ипак йўли ҳамда мамлакат ҳудудидаги Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.

Фото: Марказий банк

Янги банкнот ўлчами 152 х 69 мм. бўлади. Унинг олд омони чап қисмида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган Худоёрхон ўрдаси меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

Фото: Марказий банк

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги III асрга тегишли қадимги Фарғона давлатининг пойтахти бўлган Ахсикент археология ёдгорлиги тасвири жойлаштирилган. Пул орқа томонининг ўнг қисмида милоддан аввалги II минг йилликга тегишли бўлган сопол идиш ва икки бошли илон кўринишидаги қадимий тош тумор тасвири ҳам акс эттирилган.

Янги банкнот тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир инфляция кучайишини айтса, яна кимдир бундан позитив топиб, энди банкоматларга кўпроқ пул сиғишини ёзган. Аммо иқтисодчи Отабек Бакиров 200 минг сўмликнинг муомалага чиқарилишини «шаҳардаги тиқилинч чорраҳада йўл-ўтказгич кўприк қурилиши»га ўхшатган. Унинг ёзишича, бу нақд пул етишмовчилиги муаммосини вақтинча енгиллаштиради, лекин бартараф этмайди.

Даҳшатли иссиққа тайёр туринг: Ўзбекистонда рекорд даражада иссиқ об-ҳаво кузатилади. Тошкентда ҳаво ҳарорати +45, Ғарбий ҳудудларда эса +47 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

«Ўзгидромет» бош директорининг ўз Facebook саҳифасида маълум қилишича, 17–22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучаяди. Шу сабабли кундуз кунлари ҳаво ҳарорати:

  • Қорақалпоғистон Республикасида, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 44–47 даражагача;
  • Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида 42–45 даражагача;
  • Фарғона водийси вилоятларида 41–43 даражагача кўтарилади.

Метеоролог Эркин Абдулаҳатовнинг қўшимча қилишича, бунда кўплаб ҳудудларда кузатувлар тарихидаги рекорд иссиқлик кўрсатгичлари янгиланади. «davletovuz»нинг изоҳига кўра, 1870 йилдан буён пойтахтда ҳаво ҳарорати +45 даражага етмаган.

Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Кўпроқ суюқлик ичинг. Иложи бўлса, ўша пайтда заруратсиз кўчага чиқманг, иложи бўлмаса, соябон ёки енгил бош кийим кийиб олинг. Хуллас, эҳтиётингизни ўзингиз қилинг.

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат режими юмшатилди: комендантлик соати қисқартирилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлардан кейин жорий қилинган фавқулодда ҳолат режими (ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётгани ҳисобга олиниб) юмшатилиб, комендантлик соати 23 дан соат 5 га қадар этиб белгиланди (олдин соат 21 дан соат 7 гача эди).

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов эртага Ўзбекистонга келади.

Фото: «Eurasianet»

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 14–15 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Ташриф давомида Бердимуҳамедов Олий Мажлисда учрашув ўтказиши ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиши кўзда тутилган.

Қарз ундиришнинг янги йўли: постларда автомобиллар «яшил» ва «қизил» йўлак асосида ҳаракатланади.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳукумат қарори билан йўл-патруль хизмати стационар постларида «яшил» ва «қизил» йўлак тамойили асосида ҳаракатланиш тартибини жорий этиш тўғрисида низом тасдиқланди. Унга кўра, «қизил» йўлакка қарздорлиги бор автомобиллар йўналтирилади. «Яшил» йўлакка эса ҳеч қандай қарзи йўқ автомобиллар ҳаракатланади.

«Қизил» йўлакдан ҳаракатаниши буюрилган транспорт воситалари бўйича ҳаракат қатнашчиларининг ҳужжатлари электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда текширилади. Аниқланган қарздорликлар бўйича тўлов амалга оширилганидан сўнг уларнинг ҳаракатини давом эттиришига рухсат берилади.

Фото: Telegram

Қарздорлик тўланмаган ҳолларда транспорт воситалари махсус тўхташ жойларига жойлаштирилади. Қарздорлик аниқланган транспортларга бир нечта ҳолларда, жумладан, қарздорликка асос бўлган қоидабузарлик юзасидан судга мурожаат қилинганда ёки иш судда кўрилаётганда ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилади.

Юнусободдаги Аҳмад Дониш кўчасининг чўкиб кетган қисмини таъмирлаш бошланди. Кўча 2020 йилги Мустақиллик байрами арафасида таъмирдан чиқарилган, бу ишлар 81 млрд сўмга тушган. Ярим йил ўтмай, йўл чўка бошлаган ва охир-оқибат мутлақо яроқсиз аҳволга келган.

https://t.me/bugunrasmiy/24060

«Кун матбуоти тарихи»: Олимпиада—2000 мезбонлиги учун курашаётган Тошкент, хизмат кўрсатган артист дея тан олинган Ботир Зокиров, «халқимизга ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтиш керак». Ўзбек матбуоти 13 июлда нималар ҳақида ёзган?

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистонда ковид билан кунлик касалланишлар сони пасаймоқда. 12 июль куни 68 киши инфекция аниқланган;
  • Сирдарёда Сибир ярасига (куйдирги) чалиниш билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Бу одамдан одамга юқмайди. Эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирга ўрин йўқ;
  • Ўзбекистонда 1 июль ҳолатига 1 километр квадрат ер майдонига ўртача 79,3 нафар киши тўғри келмоқда. Кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига солиштирилганда 1,7 кишига ортган.

Хўш, оламда нима гап?

Шри-Ланка президенти мамлакатдан қочиб кетди. Унинг ўрнига уч нафар номзод бор.

Мамлакатда аҳоли президент ҳамда бош вазир истеъфосини талаб қилиб, намойиш уюштирган ва бу ҳозиргача давом этмоқда. Шри-Ланканинг аввалроқ истеъфога чиқишини эълон қилган президенти Готабая Ражапакса мамлакатни тарк этди.

Фото: «AP»

Собиқ президент рафиқаси ва икки тансоқчиси билан Мальдив оролларига йўл олган «Ан-32» самолёти бортида кўриниш берган. Президент бўлган самолёт Мале аэропортига қўнган. У Шри-Ланка пойтахти Коломбодан учиб келган. Шундан сўнг Ражапакса ва унинг ҳамроҳлари полиция бошчилигида ўз манзилларига олиб кетилган. Унинг жойлашуви эса ошкор этилмаган.

Фото: «AP»

Ражапаксанинг ўрнига уч киши президентликка номзодлик қилмоқда. Mамлакатнинг амалдаги бош вазири Ранила Викрамасингхе президентлик учун курашмоқда. Шри-Ланка Халқ фронти партияси аъзоси Даллес Алахапперума ва мамлакатнинг етакчи мухолифат гуруҳи – Бирлашган миллий кучлар етакчиси Сажит Премадасу ҳам номзодини кўрсатиши кутилмоқда.

Буюк Британияда ҳам шунга ўхшаш ҳолат: у ерда бош вазирликка номзодлар эълон қилинди. Лавозим учун асосан собиқ вазирлар курашмоқда. Улар билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Германия 1 августдан Россия кўмирини, 31 декабрдан эса нефтини сотиб олишни тўхтатади.

Фото: «AP»

Мамлакат молия вазири ўринбосари Йорг Кукис га кўра, Россия Германияга 40 фоиз кўмир ва 40 фоиз нефть етказиб берган.

«Шарқий Европада Совет империясининг қуроли бўлган ʼДружбаʼ қувурининг тарихини биладиган ҳар бир киши биладики, бу қарамликдан халос бўлиш арзимас масала эмас, биз бунга бир неча ой ичида эришамиз», — деган у.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозир Германия муқобил алтернатив қидирмоқда ҳамда бу АҚШ ва Қатар бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Германия суюлтирилган газ учун терминаллар қурмоқда. Шунга қарамай, энергия таъминотида ҳали ҳам катта бўшлиқ мавжуд.

Россиядан кўмир импортини тақиқлаш Европа Иттифоқи санкцияларининг бешинчи пакетига киритилган, Россиядан нефтга қисман эмбарго олтинчи пакетдан ўрин олган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Хитойда жазирама иссиқ давомийлиги рекорд ўрнатди
Жаҳон22:12 | 17.8.22
Хитойда жазирама иссиқ давомийлиги рекорд ўрнатди
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео