Олимпиада—2000 мезбонлиги учун курашаётган Тошкент, хизмат кўрсатган артист дея тан олинган Ботир Зокиров, «халқимизга ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтиш керак». Ўзбек матбуоти 13 июлда нималар ҳақида ёзган?
Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.
Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида.
Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.
90 йил аввал. 1932 йил 13 июль, чоршанба
1932 йил 13 июль куни Ўзбекистонда марказий газеталар чоп этилмаган.
60 йил аввал. 1962 йил 13 июль, жума
Хонанда Ботир Зокиров республика парламенти фармони билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан мукофотланган.

СССРда шу кунларнинг энг асосий мавзуси — Москвада ўтказилган ёппасига қуролсизланиш ва тинчлик учун курашга бағишланган Жаҳон конгрессидир. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг аввалги сони СССР етакчиси Никита Хрушчёвнинг шу конгрессдаги нутқига бағишланган эди. Газетанинг бу галги сонида ҳам бир ярим саҳифа ушбу форум меҳмонларининг нутқлари баёнига ажратилган.

Нотиқлар орасида чилилик шоир (ушбу нутқдан 9 йил ўтиб адабиёт йўналишида Нобель мукофоти соҳибига айланган) Пабло Неруданинг чиқиши эътиборга молик. Коммунист ҳисобланган Неруда АҚШни тинимсиз танқид қилган: «Шимолий Америка империализми доллар ва денгиз пиёда аскарлари ёрдами билан бизнинг мамлакатларимиз устидан контролни сақлаб қолишга уринмоқда. Қўшма Штатлар бизнинг бойликларимизни олиб, бунинг эвазига эски кемалар, самолётлар, танклар бермоқда. Қўшма Штатлар Лотин Америкасининг халқлари бир-бирларини ўлдиришсин деб шундай қилмоқда».


Мазкур форумда қатнашмаётган бўлса-да, ўзбекистонликлар фаоллар ҳам туришгани йўқ. Уларнинг мурожаатлари марказий газеталарда эълон қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, биология фанлари доктори Тўрақулов шундай деб ёзади: «Улар (космосда атом бомбасини портлатаётган америкаликлар) билиб қўйсинларки, янги атом урушини бошловчи кнопкани босмоқчи бўлган қўлларни боғлаб ташлашга тинчликсевар халқларнинг кучи-қудрати етарди. Тинчлик енгади!».
Шоир Ғайратий эса капиталистик Ғарб мамлакатларини «фашизм байроғини баланд кўтариш»да айблаган (айниқса бугунги кунларда жуда таниш айблов, шундай эмасми?).

30 йил аввал. 1992 йил 13 июль, душанба
Бундан 30 йил аввал Тошкент шаҳар маъмурияти кимга (албатта, шаҳар аҳолисига) хизмат қилаётганини яхши билган, шу боис хизматкор сифатида, масалан, шаҳардаги айрим автобус йўналишлари вақтинча ўзгараётгани ва нима сабабдан ўзгараётгани ҳақида ўз иш берувчиларига газеталар орқали мана шундай ҳисобот берган (ҳозирги аҳвол эса, юмшоқ қилиб айтганда, кўнгилдагидек эмас):

Дарвоқе, 10 июль куни шаҳар кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтган. Унда, «Тошкент оқшоми» газетасининг хабар беришича, 2000 йилги ёзги Олимпия ўйинларини ўтказиш учун Тошкент шаҳар номзодини кўрстаиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Хурсандчиликка сабаб (ваҳоланки, аҳвол аслида йиғлагулик): «Шаҳримиздаги 2-автокомбинат маъмурияти давлат тили бўлган ўзбек тилини ҳаётга татбиқ қилишда шу кунгача анча ишларни амалга оширди… Мажлислар ҳам анчадан бери давлат тили — ўзбек тилида олиб борилмоқда». Ўзбекистонда идора ва ташкилотларда мажлислар ўзбек тилида олиб борилаётганидан хурсанд бўлиш ҳоллари, бахтга қарши, орадан 30 йил ўтиб ҳам камёб ва ноёб ҳол эмас.

Мустақилликнинг илк йилида ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши совет даврининг охирги йилига нисбатан 10—15 кунга кечикмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари сўзларига кўра, бунга «об-ҳаво инжиқликлари» сабабдир (1992 йил баҳорида Ўзбекистонда бир неча бор йирик сел ва тошқинлар кузатилган, президент Ислом Каримов тошқинлардан зарар кўрган ҳудудларга бир неча бор сафар қилган).

Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси Тўлқин Шоёқубов «Тошкент оқшоми» газетаси мухбири билан суҳбатда мамлакатдаги конларни ўзлаштиришга чет эл компанияларини жалб қилиш ҳақида гапириб, «улар биздаги конларни ўзимиздан ҳам яхши билишини» таъкидлаган. Ва, шу ўринда, қизиқ бир фикр билдирган: «Америка дейсизми ёки Англия, Бельгия, Даниями, мана шу мамлакатларга бориб, мутахассислар билан суҳбатлашдик, биз ҳақимизда улар тўлиқ маълумотга эга. Биз эса нима борлигини ҳатто ўз халқимизга айтмай, яшириб юрибмиз. Бу нарсани айтиш мумкин эмас, бу сир, ундай, бундай ва ҳоказолар. Ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтиш керак халқимизга».
«Ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтиш керак халқимизга». 30 йил аввал айтилган нақадар пурмаъно гап, тўғрими?

Мавзуга доир:
- Ўзбекистон бош вазирига Ленин ордени, Ҳожибойнинг Қорақалпоғистондаги концертлари, янги Конституция лойиҳаси ҳақида. Ўзбек матбуоти 11 июлда нималар ҳақида ёзган?
- Нархи чидаб бўлмас даражада ошган бензин, Усмон Носирга коммунистик буюртма, «лотинчадан кўра араб алифбосига ўтганимиз мақсадга мувофиқдир». Ўзбек матбуоти 10 июлда нималар ҳақида ёзган?
- Демократияни «бўғаётгани»ни тан олган Ислом Каримов, Брежневдан Тошкент метросини ундириш тарихи, ҳарбий туризм. Ўзбек матбуоти 8 июлда нималар ҳақида ёзган?
Муҳрим Аъзамхўжаев тайёрлади



