Ўзбекистонда 200 000 сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилади — фото
Марказий банк унинг муомалага киритилиш санасини маълум қилди
Марказий банк 15 июлдан номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.

Мазкур банкнот мавзуси (тематикаси) Буюк Ипак йўли ҳамда мамлакат ҳудудидаги Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.
Ўлчами 152 х 69 мм.
Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги Буюк Ипак йўлининг рамзи сифатида туя ва 200 000 рақами кўринишида сув белгилари жойлашган. Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 4 миллиметрли кўк рангли, силжиш эффектига, UZB ёзувига эга бўлган, микрооптик ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.
Олд ва орқа томонларининг асосий ранги — фируза рангда бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган. Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган.
Банкнот олд томони чап қисмида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган XUDOYORXON O‘RDASI меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

Юқори қисмининг чап тарафида 200 000 рақами, юқори қисм марказида O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI матни кўк ва яшил рангларда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон герби яшил рангда жойлашган. Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган яшил рангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.
Банкнотнинг қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида латент (яширин) тасвир UZ кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга. Қуйи қисмининг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи IKKI YUZ MING SO‘M ёзуви ва O‘ZBEKISTON SO‘MI RESPUBLIKA HUDUDIDA HAMMA TO‘LOVLAR UCHUN O‘Z QIYMATI BO‘YICHA QABUL QILINISHI SHART матни жойлашган.
Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда буёқнинг бўртмалигини сезиш мумкин. Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги халқалар жойлашган бўлиб, нусха кўчирилганда тасвирлардаги аниқлик йўқолади.
Шунингдек, ультрабинафша нури остида кўринувчи нақшинкор безакнинг яшил рангли фонида UZB 200000 SO‘M сўзи қизил рангда тасвирланган. Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан Буюк Ипак йўли карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.
Юқори чап қисмида XUDOYORXON O‘RDASI меъморий ёдгорлигидаги нақшинкор безак тасвири регистр вазифасини бажаргани ҳолда, олд ва орқа томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил бўлади.
Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ва чап қисмида вертикал кўринишда босилган.
Банкнот орқа томонида милоддан аввалги III асрга тегишли қадимги Фарғона давлатининг пойтахти бўлган AXSIKENT ARXEOLOGIYA YODGORLIGI тасвирланган.

Марказий қисмида машҳур Қува анорининг рамзи сифатида анор тасвирида замонавий Spark live ҳимоя элементи қўлланилган бўлиб, турли қияликда ранг ўзгариши ва силжиш эффектини ҳосил қилади. Ўнг қисмида Фарғона водийсидаги археология ёдгорлиги топилмалари – милоддан аввалги II минг йилликга тегишли бўлган сопол идиш ва икки бошли илон кўринишидаги қадимий тош тумор тасвири акс эттирилган.
Юқори чап қисмида O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил 2022 чоп этилган. Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати 200 000 рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда IKKI YUZ MING SO‘M ёзуви туширилган. Пастки қисмида O‘ZBEKISTON SO‘MINI QALBAKILASHTIRISH QONUNGA MUVOFIQ TA’QIB QILINADI матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.
200 000 сўмлик банкнотлар айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт экани келтирилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев сурати туширилган олтин тангалар муомалага чиқарилгани рад этилганди. Шунингдек, Марказий банк янги 50 минг ва 100 минг сўмлик пулларни муомалага чиқариши маълум қилинган.