Қашқадарёда аёл яқинлари томонидан оёқ-қўли боғлаб қўйилиб калтакланди — видео
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати интернетда тарқалган, келин эри ва яқинлари томонидан калтакланиб, сочи кесиб ташлангани айтилган хабар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 9 июль куни соат тахминан 23:30 да Яккабоғ тумани Янгиҳаёт МФЙда яшовчи фуқаролар Ю.Э., Ю.Б., Ю.Р. ва Ю.Х. Яккабоғ тумани Янгиҳаёт МФЙда яшовчи Қ.М. фуқаро Ю.Х. билан ишқий муносабатда бўлиб юрганидан ғазабланган.
Сўнг улар аёлнинг оёқ-қўлини боғлаб, сочини кесиб ташлаб, танасининг дуч келган соҳаларига қўл-оёқлари ва қамчи билан муттасил равишда уриб, қийнаб, жисмоний азоб бериб, тан жароҳати етказган. Оқибатда Қ.М. тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Ю.Э., Ю.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда аёл танишлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қашқадарёда йигит ва онаси амакилари томонидан калтакланган.



