«Қорақалпоғистон воқеалари» нималардан далолат беради?
Қуйида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходимининг ушбу мавзу юзасидан билдирган фикрлари келтирилади
Кўп асрлардан бери ҳудуд ҳар қандай давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланиб, давлатларнинг худудий яхлитлиги тамойили халқаро ҳуқуқнинг энг муҳим принципларидан биридир. Қорақалпоғистонда рўй берган воқеалар ушбу тамоийлнинг жаҳон ҳамжамияти учун бугунги кунда ҳам нақадар муҳимлиги ва ушбу масаланинг ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканинин кўрсатади. Қуйида Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими Анвар Эминовнинг ушбу мавзу юзасидан билдирган фикрларини келтирамиз.

Сўнгги бир аср давомида юз берган тажовузкор қуролли можаролар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳудудий яхлитликни халқаро муносабатлар ва миллий қонунчиликнинг асосий тамойилларидан бири сифатида мустаҳкамлаб қўйилишига олиб келди. Бу тамойил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти устави, БМТнинг бу йўналишдаги бир қатор Декларациялари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ҳужжатларида ҳам эътироф этилган.
Сўнгги вақтларда узоқ ва яқин хориж давлатларида, жумладан бошида Қозоғистонда, шунингдек Тожикистонинг Тоғли Бадахшон ҳудудидаги юзага келган қарама-қаршиликлар ва айримачилик ҳаракатлари ҳам барчани хушёрликка чақириши керак.
Шу маънода «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасида мамлакатимизнинг мазкур масаладаги муносабати Асосий қонунда аниқ-тиниқ акс эттирилиши керак деган таклифлар нақадар ўринли экани ҳам кўриниб турибди.
Кўплаб кузатувчи ва экспертлар Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда ташқи бузғунчи кучларнинг иштироки ҳақида фикрлар билдиришмоқда. Уларнинг фикрига кўра, оммавий тартибсизликларнинг келиб чиқишида мамлакат ташқарисида фаолият юритаётган, сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёлғон-яшиқ маълумотларни тарқатиш йўли билан вазиятни беқарорлаштириш бўлган шахсларнинг таъсири катта бўлган.
Бузғунчи кучларнинг таъсирига тушган, асосан ёшлардан иборат олмон осойишталикни таъминлаш учун ўрнатилган иншоатларга ҳужум уюштиришган, махсус воситалар ва ўқ отар қуролларни қўлга киритишган, Нукус халқаро аэропорти ва бошқа кўплаб муҳим объектларни қўлга олишга ҳаракат қилишган. Уларнинг кўпчилиги алкогол ва психотроп моддалар таъсирда бўлгани аниқланган.
Шундай маъсулиятли онларда Шавкат Мирзиёев ўзининг демократик бошқарув ҳамда халқ билан очиқ мулоқот тарафдори эканини яна бир бор намойиш қилди, ҳокимият демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинларини ҳурмат қилиш соҳасида танланган йўлдан оғмаслигини исботлади.
Давлат раҳбари томонидан тегишли идораларга бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш вазифаси қўйилди, мазкур жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Яъни Ўзбекистон Президенти ушбу ҳолатда ҳам инсон ҳуқуқлари ва адолат тамойиллари давлатнинг диққат марказида бўлиши шартлигини таъкидлади. Албатта, айнан шундай ёндашув суриштирув ишларининг холис ва ҳаққоний ўтишини таъминлайди.
Бўлиб ўтган оммавий тартибсизликларга муносабат билдирган кўплаб хорижий давлатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари, Туркия, АҚШ, Хитой, Россия, сингари ҳамкорларимиз, шунингдек Европа Иттифоқи ва ШҲТ вакиллари Ўзбекистоннинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашларини билдирди.
Ўз вақтида қўрилган чора-тадбирлар туфайли ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушмоқда. Энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ. Иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда. Одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд. Давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари томонидан ҳудудда барқарор вазиятни таъминлаш бўйича уюшган ва мувофиқлашган ҳолда иш олиб борилмоқда.
Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, юртимиздаги осойишта вазиятни издан чиқариш, фуқароларимизнинг ишончига кириб, уларни тўғри йўлдан чалғитишга қаратилган ғаразли ҳаракатлар бундан кейин ҳам содир бўлиши мумкин.
Шундай беқарор ва таҳликали бир давр барча фуқароларни хушёрлик ва огоҳликка чорлайди. Она юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш барчамизнинг бурчимиз.
Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими