Бугун оқшоми. Муомалага чиқадиган 1000 сўмлик танга, Ўзбекистонга келган Сердар Бердимуҳамедов, коронавируснинг «кентаври»

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Сенатдан сюрприз: Сенат 200 минг сўмлик банкнот билан бирга 1000 сўмлик тангани ҳам маъқуллаган. Қарор 5 июль куни имзоланган, аммо бугунга келибгина хабар берилмоқда.

Ўзбекистонда 15 июлдан (200 минг сўмлик банкнот билан) номинал қиймати 1000 сўмлик танга муомалага чиқарилади. Сенат Кенгашининг Марказий банк томонидан тақдим этилган 200 000 (икки юз минг) сўмлик банкнот билан бирга 1000 (бир минг) сўмлик танганинг ҳам намуна ва дизайнини маъқуллаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Аммо унинг дизайни ҳақида ҳеч қаерда маълумот берилгани йўқ.

Скриншот: «Senat.uz»

Қизиқ тарафи шундаки, Марказий банк томонида кеча эълон қилинган намуналар ва хабарларда 1000 сўмлик танга ҳақида гап йўқ эди. Лекин Сенат бугун эълон қилган, аммо 5 июлдаёқ қабул қилган қарорида бу ҳақида гап кетган. Орадан 9 кун ўтиб, қонун кучга киришидан бир кун олдин бу ҳақида хабар берилмоқда. Қизиқ. Жуда қизиқ.

Кинолардаги воқеалар энди ўзимизда: Ўзбекистонда маҳкумларда электрон браслет тақиб қўйилади.

Фото: Иллюстратив / Яндекс

Эндиликда жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган, ўзига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахслар ва маҳкумларнинг қочиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида электрон браслетдан фойдаланиш тизими жорий этилади.

Ҳаммаси киноларда кўрганимиздек: маҳбус қочишга, браслетга зарар етказиш ё уни ечишга уринса, тегишли жойларга сигналлар боради ва унинг олди олинади. 2024 йил 1 декабрга кадар ички ишлар органлари конвой бўлинмалари электрон браслетлар билан тўлиқ таъминланади.

Ўзбекистонда йил бошидан бери 882 туп қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесиб ташланди.

Фото: «Bugun.uz»

Экология қўмитаси раиси ўринбосарининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 6 ойида жами 882 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган бўлиб, 2021 йилга (1922 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) нисбатан 55 фоизга камайган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 миллирд сўм маъмурий жарима ва 4,3 миллиард сўм зарар суммалари белгиланган.

1 майдан бошлаб «Эконазорат» электрон тизими ишга туширилган. Ушбу электрон тизим орқали экологик ҳуқуқбузарликларни тасдиқловчи фото, видео далилларни юборган шахсларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Ҳамдардлик. Навоийлик тележурналист ЙТҲда ҳалок бўлди.

Фото: Журналистлар уюшмаси матбуот хизмати

ЙТҲ тафсилотлари номаълум, аммо, маълумотларга қараганда, журналист иш юзасидан Навоийдан Тошкентга келаётганда йўл-транспорт ҳодисасига учраган. 2005 йилдан бери Навоий вилояти телерадиокомпаниясида ишлаб келаётган журналист Рухсора Каримова 2022 йил 12 апрель куни 37 ёшга кирган.

Навоийлик ҳамкасбимизнинг вафоти муносабати билан «Bugun.uz» жамоаси номидан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистонда. Биринчи кун.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 14 июль куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Уни аэропортда бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев кутиб олди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Охирги пайтларда анаънага айлангани ва бошқа президентлар ҳам олиб борилганидек кичик Бердимуҳамедов ҳам Янги Ўзбекистон боғига борди. Преиздент у ерда Мустақиллик монументига гул қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Сердар Бердимуҳамедовни кутиб олди. Бу ерда ҳам ҳаммаси одатдагидек: махсус шоҳсупа, мадҳиялар, фахрий қоровул, делегация аъзолари билан танишув.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тор доирадаги учрашувда Шавкат Мирзиёев Туркманистон Ўзбекистон учун минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор эканини қайд этган. Сердар Бердимуҳамедов эса Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг (отаси) саломини етказган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг истиқболлари муҳокама қилиниб, алоҳида эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-транзит имкониятларидан фойдаланишга қаратилган.

Музокаралар кенгайтирилган тартибда давом этди. Унда Туркманистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг шубҳасиз устувор йўналиши экани қайд этилган. Келтирилишича, Ўзбекистан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан Туркманистондан электр энергияси, газ ва нефть маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда. Эртага унинг Самарқандга бориши режалаштирилган.

Кўксарой қароргоҳида ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Туркманистон музокаралари якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзолаган. Унда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган. Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари томонидан битимлар имзоланди. Жами 19 та ҳужжатга имзо чекилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сўнг Сердар Бердимуҳамедов «Кўксарой»даги Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экди.

«Кун матбуоти тарихи»: Мустақиллик майдонидаги Ленин ҳайкали ўрнида «энг катта масжид» қуриш таклифи, ўзбек тилида қасамёд қилган илк аскарлар, «қуёнчилик ҳазилни кўтармайди». Ўзбек матбуоти 14 июлда нималар ҳақида ёзган?

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Американинг «Time» журнали Ўзбекистонни 2022 йилнинг энг саёҳатбоп йўналишлари рўйхатига киритди;
  • ДХХ Қашқадарёда «Жиҳодчилар»ни қўлга олди. Уларнинг бирига ёлғиз оналиги ва 9 ойлик фарзанди борлиги учун енгилроқ жазо берилган;
  • Хонандаларни солиққа тортиш тизими ўзгаради. Айрим санъаткорлар лицензия учун давлат божини тўлашдан озод этилади.

Хўш, оламда нима гап?

Нидерландияда коронавируснинг янги — «кентавр» тури аниқланди. 

Фото: «Reuters»

Янги ковид тури «омикрон» штамининг кичик турларидан бири ҳисобланади. Унинг илмий номи «BА.2.75». Вирус биринчи марта июнь ойида Гелдерланд провинциясининг шимоли-шарқий минтақасидан олинган намунада аниқланган.

Мутахассислар «кентавр» штами аллақачон Ҳиндистон, Австралия, Япония, Канада, АҚШ, Германия ва Буюк Британиядаги беморларда қайд этилганини таъкидлаган. Касалликнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази «кентавр» янада юқумли эканини маълум қилган. У олдинги ковид штамларига қараганда беморларда оғирроқ кечиши мумкин.

Аввалроқ ЖССТ барча мамлакатларни мажбурий ниқоб тақиш режимига қайтишга чақирганди.

«Қизим сенга гапираман, келиним сен эшит» рукнидан: Қирғизистон президенти ҳокимларни ўзини хондек ҳис қилмасликка чақирди.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Президент 14 июль куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказган мажлисида бу ҳақда гапириб, бундан буён юқори амалдорлар хатога йўл қўйса, улар ҳимоя қилинмаслигини айтган.

«Кимдир ёмон ишларга қўл урса, давлатга қарши ишлар ортида турган бўлса, ўтмишдаги ҳеч бир хизматингизга қарамаймиз! Жуда қаттиқ чоралар кўрилади. Мамлакатимизда жамият очиқ, ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Текширувчи органларнинг оғзини ёпсангиз ҳам, одамларнинг ўзи аниқлаб, нотўғрисини текшириб, бизга топширади», — деган у.

Шунингдек, Жапаров барча давлат ва шаҳар органлари вакилларини очиқликка чақирган.

«Қишлоқ ҳокимликлари раҳбарлари, ҳокимлар, бюджетдан маош олувчи ҳар бир давлат ва муниципал ходимни ахборот майдонига кириб, бугунги кунларда қилган ишлари ҳақида маълумот беришга мажбур қиламан», — деган у.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Хориждан ўқишини кўчиришга ариза топширган 6 ярим минг нафар тиббиёт йўналиши талабасининг аризаси рад этилди
Жамият20:21 | 25.9.22
Хориждан ўқишини кўчиришга ариза топширган 6 ярим минг нафар тиббиёт йўналиши талабасининг аризаси рад этилди
Тошкентда Шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Жамият, Тошкент ш.20:19 | 25.9.22
Тошкентда Шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Жамият19:15 | 25.9.22
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Жамият18:11 | 25.9.22
Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Жамият17:16 | 25.9.22
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди
Жамият16:14 | 25.9.22
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди