Мустақиллик майдонидаги Ленин ҳайкали ўрнида «энг катта масжид» қуриш таклифи, ўзбек тилида қасамёд қилган илк аскарлар, «қуёнчилик ҳазилни кўтармайди». Ўзбек матбуоти 14 июлда нималар ҳақида ёзган?

Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши муаллим; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир беқиёс устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринди. Ўн йиллар муқаддам айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти улар ҳақида нима деб ёзган, ушбу воқеа-ҳодисаларга жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — бари «Кун матбуоти тарихи» рукни материалларида.

Рукн материаллари ҳар куни тонг соат 7:30 да эълон қилинади.

90 йил аввал. 1932 йил 14 июль, пайшанба

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг қуёнчиликка бағишланган бўлимининг катта сарлавҳаси ажойиб: «Қуёнчилик ҳазилни кўтармайди».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 июль сонидан лавҳа

Дунёда нима гап? Германияда «ихтиёрий меҳнат», аслида эса меҳнат мажбурияти ёки, «бошқача айтганда, мажбурий меҳнат тўғрисидаги қонунни чиқариш»га тайёргарлик бошланган. Шу каби қонунлар келгусида Германияни бутун бошли ҳарбий ишлаб чиқариш машинасига айлантиради.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1932 йил 14 июль сонидан лавҳа

60 йил аввал. 1962 йил 14 июль, шанба

«Қизил Ўзбекистон»нинг 1962 йил 14 июль сонидаги бош мақола радио ва телевидениега бағишланган. «Радио ва телевидение ҳаётимизнинг жанговар жарчиси бўлсин» мақоласида, жумладан, шундай дейилади: «Кўпгина эшиттиришлар жанговар таъсир кучига эга эмас, улар стандарт, зерикарли… Мазмундор, қизиқарли эшиттиришлар ўрнига кўпинча бир қолипдаги суҳбат ва репортажлаор берилади… Катта камчилик яна шуки, пропагандистик эшиттиришларда маълум система йўқ… Пропагандистик мақолаларнинг тилида ғализлик, цитатабозликка ортиқча ўрин бериш ҳоллари ҳам учраб туради».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 14 июль сонидан лавҳа

Тошкентда «Африкадаги иқтисодий жиҳатдан кам тараққий этган мамлакатлар пахтачилик мутахассисларининг икки ойлик семинари» бошланган. Семинар қатнашчилари — Бирлашган Араб Республикаси (ҳозирги Миср), Нигерия, Судан ва Эфиопиядан.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 14 июль сонидан лавҳа

Шу давр газеталарининг бир ўзига хослиги бор — ҳар сонда бўлмаса ҳам, лекин деярли ҳар ҳафта Ўзбекистондаги чўчқачиликка доир бирор материал берилади. Масалан, «Қизил Ўзбекистон»нинг бу кунги сонида Самарқанд вилоятида янги чўчқахона қурилгани ҳақида фотохабар берилган. Бундай хабарларнинг муттасил берилишида ҳам бирор маъно бўлса керак.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1962 йил 14 июль сонидан лавҳа

30 йил аввал. 1992 йил 14 июль, сешанба

Президент Ислом Каримов 9—10 июль кунлари Хельсинкида хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Умумевропа Кенгашида қатнашган ва унда нутқ сўзлаган. Президент нутқи матни Ўзбекистон матбуотида 14 июль куни эълон қилинган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 14 июль сонидан лавҳа

1992 йилнинг 11 июль куни Тошкентда июнь ойида ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар «республика тарихида биринчи бўлиб ўзбек тилида, ўз Ватани шарафини ҳимоя қилиш ҳақида ўз халқи, Президентига қасамёд қилган».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 14 июль сонидан лавҳа

Хоразмда «биринчи хусусий турк эркаклар лицейига қабул эълон қилинган». «Янги ўқув йилидан бошлаб бундай лицейлар Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Тошкент, Нукус шаҳарларида ҳам очилади» (орадан бир неча йиллар ўтиб, асрлар тўқнашган даврда бу лицейларнинг бари оммавий тарзда ёпилади).

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1992 йил 14 июль сонидан лавҳа

Бир депутатдан бошқа бир депутатнинг гапига раддия:

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 2 июль сонида бир гуруҳ меъморларнинг Тошкентдаги Мустақиллик майдонидаги Ленин ҳайкали ўрнига мамлакатнинг энг катта жомеъ масжидини қуриш таклифи эълон қилинган эди. Ушбу таклифни, масалан, Чилонзорда яшайдиган 50 киши, шунингдек, бешариқлик Ҳодисахон Орипова ҳам қўллаб қувватлаган. «Ростда, нима кераги бор жонсиз ва фойдасиз монументларнинг. Унинг ўрнига одамлар учун фойдали бирор иморат қурган яхши эмасми? Ўша иморат, албатта, масжид бўлиши лозим», — деб қатъий фикр билдирган опа.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 14 июль сонидан лавҳа

«Халқ сўзи» газетасида босилган «Тўйдан олдин ноғора. Уни андижонлик милиция ходимлари чалишган эди» материалидан парча: «Йиғилиш бошланиб, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, милиция генерали Ғ.Раҳимовнинг маърузаси авжига чиққанда, юқоридан ишора бўлди. Вилоят ИИБ бошлиғи милиция полковниги Ботир Парпиев милиция подполковниги А.Казиевни ёнига чақириб, қулоғига нималардир деди. Казиев ўз навбатида вилоят ИИБ матбуот маркази раҳбари Аҳмедовга ишора қилди. Бу йиғиндан журналистларни чиқариб юборинг, дегани экан. Топшириқ бажарилди. Наилож, уларнинг амрига бўйсунмай бўлармиди… Қандай баҳолаш керак? Матбуотга нисбатан ҳурматсизликми ёки…».

«Халқ сўзи» газетасининг 1992 йил 14 июль сонидан лавҳа

Муҳрим Аъзамхўжаев тайёрлади

Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
Жаҳон0:25 | 10.8.22
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Жаҳон0:24 | 10.8.22
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Жамият, Самарқанд0:19 | 10.8.22
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Жаҳон0:18 | 10.8.22
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
Жаҳон0:16 | 10.8.22
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди
Жаҳон0:15 | 10.8.22
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди