Ўзбекистонда ярим йилда қанча қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташлангани маълум бўлди
АОКАда 14 июль куни Экология қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжмунида ярим йилда қанча қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташлангани маълум бўлди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг ўтган 6 ойида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2300 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 миллирд сўм маъмурий жарима ва 4,3 миллиард сўм зарар суммалари белгиланган.
«Айтиш керакки, 2022 йилнинг 6 ойида жами 882 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган бўлиб, 2021 йилга (1922 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) нисбатан 55 фоизга камайган. 1 майдан бошлаб ‘Эконазорат’ электрон тизими ишга туширилган.
Ушбу электрон тизим орқали экологик ҳуқуқбузарликларни тасдиқловчи фото, видео далилларни юборган шахсларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Мазкур тизим ҳақида махсус ролик тайёрланиб, МТРК каналлари орқали эфирга узатилди», — деди Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдa йўл ёқасида ўсган дарахтлар кесиб кетилгани, тадбиркор дарахтларнинг тагини бетонлаб ташлагани ва Қашқадарё вилоятидаги Қарши давлат университетида 38 туп дарахт ноқонуний кесиб ташлангани хабар қилинганди.




