Самарқандда боғча мудираси методистнинг бошини бокал билан уриб ёрди — видео
Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги боғчада 1 июль куни мудира методистнинг бошини бокал билан уриб ёрди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Қўшработ туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирининг мудираси Ч.А. ҳамда шу муассаса методисти Э.Г.лар ўртасидаги келишмовчилик сабаб жанжал юзага келган. Жанжал давомида Ч.А., Э.Г.нинг боши қисмига бокал билан уриб, тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2 июль куни туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанддаги боғчада гўшт ўғирлангани юзасидан жиноят иши қўзғатилганди. Шунингдек, Қашқадарёдаги боғчада 5 ёшли боланинг қўли куйдирилганига муносабат билдирилган.


