Бугун оқшоми. Метаннинг нархи ошишига муносабат, Конституцион қонун лойиҳаси муҳокамасининг узайтирилиши, миллий хавфсизликка таҳдид деб топилган TikTok

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна узайтирилди, энди жараён 1 августгача давом этади.

Фото: «Bugun.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутат Жаҳонгир Ширинов билдирган таклиф маъқулланиб, қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 августгача узайтирилди. Бунга сабаб қилиб ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича кўплаб таклифлар келиб тушаётгани кўрсатилган.

Мажлисда Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов бундан олдинги муҳокама муддатини узайтириш (5 июлдан 15 июлгача) Қорақалпоғистондаги воқеаларга алоқаси йўқ эканини айтиб ўтган. Ўша пайтда ҳам ҳозиргидек сабаб бўлган — келиб тушаётган таклиф ва мулоҳазаларнинг кўплиги.

Демак, Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси камида яна 15 кун давом этади. Бу орада (таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб) ўзгартириш киритилиши кутилаётган моддалар тегилмаслиги (худди Қорақалпоғистонга оид қисми амалдаги таҳрирда қолдирилгандек), яна қўшимчалар киритилиши ё лойиҳага қўшилмаган моддалар ҳам ўзгариши мумкин. Кузатамиз.

Тошкентда ўтган ярим йил ичида 400 дан ортиқ ЙТҲда 36 киши ҳалок бўлди.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳисоботида келтирилишича, биргина пойтахтнинг ўзида 2022 йилнинг 6 ойи давомида 400 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши оқибатида 36 киши ҳалок бўлган. Уларнинг энг кўпи — 232 тасини 18–32 ёш оралиғидаги ҳайдовчилар содир этган.

Бошқарма кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун (эндими? хай майли, ҳечдан кўра кеч) шаҳарда 18 та сунъий нотекислик (табиийлари эса бундан кўп бўлса керак, ҳойнаҳой), 1105 та йўл белгиси ўрнатилган.

Энергетика вазирлиги газ қуйиш шохобчаларида нархлар ошганига муносабат билдирди. Унинг қисқача мазмуни шундай: «Бунга биз айбдор эмасмиз ва ‘айбдор’ларга ҳам ҳеч нарса деёлмаймиз».

Фото: «Bugun.uz»

Вазирликнинг муносабатида келтирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 июлда қабул қилинган 387-сонли қарорига кўра, газ қуйиш шохобчалари учун маҳсулотларни сотиш нархлари ошмаган ва бир хил даражада сақланиб қолган (ушбу қарор билан ВМнинг 2022 йил 30 июндаги 348-сонли қарори бекор қилинган).

«Шу муносабат билан АГТКШларида автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун ишлатиладиган метан нархини оширишнинг объектив сабаблари йўқ», дейилади вазирлик баёнотида.

Аммо, лекин, бироқ, деган жойи бор. Ушбу муносабатнинг сўнггида «калит гап» қўшиб кетилган: «Энергетика вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари АГТКШларнинг нарх сиёсатига таъсир кўрсатиш имкониятига эга эмас, чунки АГТКШлар бозор шароитида фаолият юритади ва талаб ва таклифга қараб нархларни ўзлари шакллантиради». Худди шундай ва бу тўғри. Уларнинг бозорга аралашишга ҳаққи йўқ.

Шавкат Мирзиёев 21 июль куни Қирғизистонга боради.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ташриф давомида Президент Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 4-маслаҳат учрашувида иштирок этади. Сафар бўйича бошқа тафсилотлар маълум эмас.

Давлат органларида коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги рейтинги эълон қилинди. Қатор вазирликлар «қониқарсиз» дея баҳоланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган рейтингида идора ва ташкилотлар 3 та гуруҳга ажратилган.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра,

1-гуруҳ — фаолияти «яхши» деб топилганлар:

Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;

2-гуруҳ — фаолияти «қониқарли» деб топилганлар:

Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Мактабгача таълим, Транспорт вазирликлари, Давлат статистика қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш, Давлат активларини бошқариш, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентликлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят ҳокимликлари;

3-гуруҳ — фаолияти «қониқарсиз» деб топилганлар:

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Халқ таълими, Қурилиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш, Кадастр агентликлари, Бўка ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимликлари.

Бошқа хабарлар пунктлар:

  • Тошкент шаҳрида 30 та автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади;
  • Шаҳидлар хиёбонида йигит-қизларнинг уятсиз хатти-ҳаракатлари олди олиниши учун «102» буткаси ўрнатилди;
  • Ўзбекистонда чет элдан ўқишни кўчириш бўйича аризалар қабули бошланди;

Хўш, оламда нима гап?

Британия бош вазири лавозими учун сайловнинг иккинчи тури якунланди. Собиқ Молия вазири етакчилик қилмоқда.

Фото: «UK Time News»

Сайловнинг навбатдаги босқичига жами беш нафар номзод ўтган. Молия вазирлигининг собиқ раҳбари Риши Сунак 101 овоз билан етакчилик қилган. Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазири Пенни Мордонт 83 овоз билан иккинчи ўринни қайд этган. Учинчи ўринни 64 овоз олган ташқи ишлар вазири Лиз Трусс эгаллаган.

Собиқ тенглик вазири Кеми Баденок ва Жамоатлар палатасининг ташқи ишлар бўйича танлов қўмитаси раиси Том Тугендхат мос равишда 49 ва 32 овоз олган. Қироллик Бош прокурори Суэлла Брейвермен сайловда мағлуб бўлган.

АҚШда TikTok миллий хавфсизликка таҳдид деб эълон қилинди. Ҳарбийларга бу платформадан фойдаланиш мумкин эмас.

Тақиққа ижтимоий тармоқнинг хавфсизликка таҳдид солаётгани сабаб бўлган. Ҳарбийларнинг бир нечта бўлинмаларига TikTok’дан расмий қурилмаларда фойдаланиш тақиқланган, ундан шахсий қурилмаларда фойдаланиш мумкин.

Фото: АҚШ ҳаво қўшинлари матбуот хизмати

Федерал комиссия аъзоси Брендан Карр бу ҳал қилиниши керак бўлган муаммо эканини айтган. У Пекинга маълумот юборувчи иловага эга телефон ҳарбий объектлар ҳудудида қўлланилаётганидан ҳавотир билдирган.

«Шу тариқа у қўшинларнинг жойлашуви ва ҳаракати ҳақидаги маълумотларни узата олади», — дея қўшимча қилган Карр.

Ўз навбатида, TikTok вакили Федерал комиссия баёнотлари эскирган маълумотлар, махфийлик сиёсатини нотўғри тушуниш ва нотўғри ҳисоботларга асосланганини қайд этган.

TikTok атрофида мана шундай можаролар содир бўлаётган бир пайтда Ўзбекистонда ушбу платформа блокланганига 379 кун тўлди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Автомобиль ҳаракати учун қийинлаштирилган йўллар ва соғлом турмуш тарзи: аҳолисидан велосипедлари кўп бўлган Нидерландия ҳақида
Жамият22:35 | 17.8.22
Автомобиль ҳаракати учун қийинлаштирилган йўллар ва соғлом турмуш тарзи: аҳолисидан велосипедлари кўп бўлган Нидерландия ҳақида
Хитойда жазирама иссиқ давомийлиги рекорд ўрнатди
Жаҳон22:12 | 17.8.22
Хитойда жазирама иссиқ давомийлиги рекорд ўрнатди
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди