Ўзбекистонда ярим йилда қанча фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тиклангани маълум бўлди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида 15 июь куни прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2022 йил 1-ярмидаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди. Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма-бир тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, прокуратура органларининг бугунги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни, жумладан Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини амалда рўёбга чиқариш, бу борада белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, умуман, барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Шу мақсадда ўтган ярим йилда прокуратура органлари томонидан 60 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 100 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 636 млрд. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин — қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бевосита прокурорлар саъй-ҳаракати билан қисқа муддатда 160 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 172 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Шу билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш борасида айрим ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар танқид қилиниб, тадбирларни янада жонлантириш, айниқса, “Маҳаллабай” ишларни самарали ташкил этиш, тегишли дафтарларга киритилган фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига эътиборни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 2 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 10 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган. Ҳайъат йиғилишида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга оид инвестиция дастурлари, шу жумладан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси аҳволи алоҳида ўрин эгаллади.

Қайд этилишича, Бош прокуратурада ташкил қилинган алоҳида Штаб ва ишчи гуруҳлар томонидан дастурлар ижроси қатъий назоратга олинган, қонун бузилишларни, айниқса, ажратилган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича бошқа идоралар билан ҳамкорликда тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида 3495 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганлиги, 1830 гектар захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 12487 гектар ер майдонларини талон — торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 574 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилди. Шу билан бирга, бу масалада прокуратура органлари зиммасига катта масъулият ва жавобгарлик юклатилганлиги масъулларга яна бир бор уқтирилиб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, жумладан ўта муҳим бўлган ғаллани нес-нобут қилмасдан йиғиштириб олиш, унинг жорий қилинган янги механизмлар асосида реализация қилиниши, ҳисоб — китоб ишларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги уқтирилди.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш борасидаги муаммолар ва йўл қўйилаётган хато -камчиликларни кескин танқид остига олди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчининг омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқарарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлиги қатъий таъкидланди. Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш масалалари ҳам ҳайъат эътиборидан четда қолмади.

Судда прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга,  ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди. Сўз юритилганидек, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 108 мингдан ортиқ мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 10 минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Мурожаатлар билан ишлаш, фаолиятга ошкоралик бериш, қонун ижодкорлиги, прокуратура ишига рақамли технологияларни кенг жорий қилишга оид кўрилаётган чора — тадбирларни янада жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди. Йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти  ҳақида ҳам сўз юритилди.

Жумладан, ҳудудий прокурорларга Департамент органлари билан биргаликда озиқ — овқат хавфсизлигини таъминлаш, нарх — наво барқарорлагини сақлашга қаратилган тадбирларни яна кучайтириш, Бюро зиммасига суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини ўз муддатида тўлиқ таъминлаб, натижадорликка эришиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Умуман, ҳайъат йиғилишида асосий эътибор прокуратура органларининг ярим йиллик фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда галдаги долзарб вазифаларга қаратилди.

Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди. Барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланди. Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тошкентда каналга тушиб кетган 70 ёшли аёл қутқарилди — видео
Жамият, Тошкент ш.14:09 | 13.8.22
Тошкентда каналга тушиб кетган 70 ёшли аёл қутқарилди — видео
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Жаҳон13:14 | 13.8.22
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
Жамият12:51 | 13.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Жамият12:04 | 13.8.22
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Жаҳон11:27 | 13.8.22
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Жаҳон11:13 | 13.8.22
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди