Қашқадарёда 4 нафар эркак аёлни нега калтаклаб, сочини кесгани маълум бўлди — видео
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати интернетда тарқалган, келин эри ва яқинлари томонидан калтакланиб, сочи кесиб ташлангани айтилган хабар юзасидан расмий муносабат билдирганди. «Zamon.uz»га ҳодиса иштирокчилари воқеа қандай юз бергани ва бунга нима сабаб бўлганини айтиб берди.

Яккабоғ туман Ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор Д. Мирзаеванинг маълум қилишича, аёл ўзига таниш бўлган йигитнинг ака-укалари томонидан ўзи яшайдиган хонадонга олиб кетилиб, калтакланган. Бунга аёлнинг йигит билан ўзидан 10 ёш кичик бўлишига қарамасдан, ишқий муносабатда бўлгани сабаб бўлган.
«Ушбу ҳолат юзасидан, аслида, уларнинг эр-хотин эмаслиги, уларнинг ўртасида тафовут борлиги, яъни аёл ишқий муносабатда бўлган йигит 1994 йилда туғилгани ва бўйдоқлиги аниқланди. Бундан ташқари, йигитнинг уйланиши кераклиги ҳамда бошқа бир аёл билан турмуш қуриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилаётгани маълум бўлди», — дейди Д. Мирзаева.
Калтакланган аёлнинг сўзларига кўра, у йигитнинг гапига кириб, унинг бўлажак турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган ва ўзини унинг хотини деб таништирган. Уларнинг суҳбати эса йигитнинг яқинларининг ғазабини қўзғаган. Бунинг оқибатида йигитнинг ака-укалари аёлнинг уйида уни ва йигитни қўл-оёқларини боғлаган ҳолда тонггача калтаклаган. Аёл тонгда атрофдагиларнинг ёрдами билан шифохонага олиб борилган.
Аввалроқ Самарқандда аёл танишлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Қашқадарёда йигит ва онаси амакилари томонидан калтакланган.



