Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан текширув комиссияси тузилди
Тошкент шаҳрида 15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мажлисда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги қўшма қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан комиссия таркиби ва комиссия тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Унга раҳбарлик қилиш Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) зиммасига юклатилди.
Комиссия таркибига Олий Мажлис вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари киритилди. Қўшимча қилинишича, ўтказилган текширув натижалари эълон қилинади ва Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади.
Аввалроқ АҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилиши ҳақида хабар берилганди.


