11:12 | 15.07.22 143

«Қўйлиқ» бозорида эркак ўзини 32 метр баландликдан ташламоқчи бўлди — фото

Пойтахт ИИББ воқеа сабабини маълум қилди

Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори ҳудудида номаълум шахс ўзини ўлдирмоқчи бўлаётгани ҳақида хабар тарқалди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Фото: Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Бектемир тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига бозор ҳудудида номаълум шахс ўзини ўлдирмоқчи бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Маълум бўлишича, эркак бозор ҳудудида жойлашган юқори кучланишли электр узатиш металл конструкциясининг юқорисига чиқиб, 32 метр баландликдан пастга сакраши билан таҳдид қилган. Тез фурсатда ходиса жойига ички ишлар, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ҳамда тез тиббий ёрдам хизматлари етиб борган.

Фото: Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Ҳудудий профилактика инспектори ўзини пастга ташламоқчи бўлган фуқаро билан мулоқотга қиришган ва юқорига кўтарила бошлаган. Ходим фуқаро билан музокарага киришиб, унинг пастга тушишига ёрдам бериб, ҳаётини сақлаб қолган.

Фото: Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Суриштирув давомида, 49 ёшли Ғ.М. бир кун аввал дўстлари билан спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, бозорга қандай ва нима учун келганини ҳамда электр устунга нима сабабдан чиқиб олганини эслай олмаслигини маълум қилган.

Аввалроқ Самарқандда аёл ўзини кўприкдан ташламоқчи бўлганди. Шунингдек, Тошкентда аёл ўзини 8-қаватдан ташлашга уринган.