Россия ҳарбийларини Украинадаги жиноятлар учун жазолашга 45 давлат келишиб олди
Гаагадаги анжуманда 45 давлат Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларини тергов қилишни биргаликда мувофиқлаштириш ва айбдорларни жавобгарликка тортишга келишиб олди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Маълум қилинишича, давлатларнинг ташқи ишлар ва адлия вазирлари, бош прокурорлар ва бошқа мансабдор шахслари 14 июлда учрашув ўтказган. У Халқаро жиноий суд, Европа комиссияси ва Голландия томонидан ташкил этилган. Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад далиллар алмашинуви механизмларини мувофиқлаштириш, жиноий жавобгарликка тортиш ва жойлардаги терговчиларнинг эксперт малакаларини оширишдан иборат бўлган.
Яна бир мақсад Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида содир этилган ҳарбий жиноятлар жазосиз қолмаслигини таъминлашни ўз ичига олган. Анжуман якунида 45 давлат россиялик ҳарбийларни Украинадаги жиноятлар учун жазолашга келишиб олган.
Украинада, мавжуд маълумотларга кўра, 20 000 дан ортиқ ҳарбий жиноятлар аллақачон ҳужжатлаштирилиб, тергов қилинган ва бу рақам тобора ортиб бормоқда. Умумжаҳон юрисдикция тамойилига мувофиқ терговда ёрдам беришга бир қатор давлатлар, шу жумладан 14 та Европа Иттифоқи давлати мутахассислари жалб қилинган.
Аввалроқ БМТда 33 давлат Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини тергов қилишни қўллаб-қувватлаганди. Шунингдек, Европадаги 4 та давлат Россия босқини юзасидан тергов бошлаганди.


