Шаҳидлар хиёбонида йигит-қизларнинг уятсиз хатти-ҳаракатлари олди олиниши учун «102» буткаси ўрнатилди
Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида йигит-қизларнинг уятсиз хатти-ҳаракатларининг олдини олиш учун «102» буткаси ўрнатилди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг 15 июль кунги ҳисоботига таяниб, хабар берди.

Сессияда бошқарма бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Муродилла Аликариев бошқарма томонидан ўтган олти ой давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот бериб ўтди.
Таъкидланишича, Юнусобод тумани Шароф Рашидов кўчасида жойлашган Германия элчихонасининг орқа тарафидан оқиб ўтувчи Анҳор канали атрофларида фуқаролар чўмилиб, спиртли ичимлик истеъмол қилишининг олдини олиш бўйича ходимлар бириктирилиб, гуруҳлар куну тун жалб этилиб, тегишли чоралар кўрилган.

Шунингдек, Юнусобод туманидаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида ўриндиқларда йигит-қизларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда уятсиз ҳаракатларни амалга ошираётгани юзасидан «102» буткаси ўрнатилиб, кунлик тартибда икки босқичда пиёда ва отлиқ патруль нарядлари хизматга жалб этилган.

Бундан ташқари, машиналарнинг тезлик ошириши ва хавфли ҳолатларнинг олдини олиш учун туну кун битта автопатруль ва наряд қўйилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.




