Ёшлар ишлари агентлиги ходими оғир жиноят содир этганликда гумонланиб қамоққа олингани хабар қилинди
Агентлик хабар юзасидан муносабат билдирди
Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўлими бош мутахассиси А. У. Ш. ўғли оғир жиноят содир этганликда гумонланиб қамоққа олингани хабар қилинди. Агентлик хабар юзасидан муносабат билдирди.

Хабарда айтилишича, А. У. Ш. ўғли Жиноят процессуал кодекснинг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланиб эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. У ўзининг учта шериклари билан гиёҳвандлик моддаси сотиб олишини айтиб А.Т. га мурожаат қилган, А.Т. гиёҳвандлик моддани олиб келгач, ундан тортиб олиб яна 300 доллар талаб қилган. Унга нисбатан Жиноят кодекснинг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «в» банди билан айб эълон қилинган.
Агентликнинг маълум қилишича, ходим А. У. Ш. ўғли Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бўлими бош мутахассиси сифатида фаолият олиб борган. Лекин юриш туришидаги ўзгаришлар ва ишга сурункали кеч колиши сабабли жорий йилининг 21 июнь санасида (хабарда айтилган ҳолат юз беришидан аввал) Мирзо Улуғбек тумани бўлимида ходимлар иштирокида касаба уюшмасини муҳокама йиғилиш баёни ҳамда ташкилотнинг туман бўлими раҳбари буйруғига асосан ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
«Биз собиқ ходимимиз билан бўлган бу ҳодисадан афсусдалигимизни билдирган ҳолда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ҳамкорлик қилишга тайёрлигимизни маълум қиламиз».
Аввалроқ Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида жиноят қидирув бўлими ходими 6000 доллар пора олиб, воқеа жойидан қочмоқчи бўлганда ушланганди. Шунингдек, Фарғона вилоятида сохта ЙҲХБ ходими фирибгарлик устида қўлга олинганди.