Қозоғистонда содир бўлган ЙТҲда 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Воқеа жойида ҳалок бўлганлар 8 кишини ташкил этган
Қозоғистоннинг Шетский туманида 16 июль куни «MAN» юк машинаси ва «Меrcеdеs-Benz Sprinter» йўловчи микроавтобуси тўқнашиб кетиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан бирламчи маълумотларни эълон қилди.

Қозоғистон ФВВдан олинган маълумотга кўра, соат 3:21 да Шетский туманидан ўтган Олмаота–Екатеринбург автомобиль йўлининг 850-километрида ҳаракатланган «MAN» юк машинаси ва «Меrcеdеs-Benz Sprinter» йўловчи микроавтобуси тўқнашган. Оқибатда микроавтобус ичида бўлган 17 нафар йўловчидан 8 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 9 нафар йўловчилар турли даражада тан жароҳати олиб, Aксу-Aюли қишлоқ касалхонасига ётқизилган.
ЙТҲ оқибатида микроавтобус салонида бўлган 5 нафар Ўзбекистон фуқаросидан 2 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ҳамда 3 нафари турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дўст Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда.
Ҳозирда ушбу холат юзасидан Қозоғистон ИИВ ҳодимлари томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда», дейилган хабарда.
Аввалроқ Қозоғистонда ўзбекистонликлар иштирокидаги ЙТҲда 11 та машина қатнашгани маълум қилинганди. Шунингдек, Қозоғистонда ичида 31 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ёниб кетган.