11:47 | 16.07.22 156

Россияда ўзбекистонлик мигрантларни мажбурий меҳнатга жалб қилган иш берувчи ҳибсга олинди

Уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, куч ишлатилган

Россиянинг Волгоград вилоятига ишлаш мақсадида борган Ўзбекистон фуқароларига иш ҳақи бермай, ҳужжатларини олиб қўйиб, куч ишлатган иш берувчи ҳибсга олинди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Маълум бўлишича, фуқаролар иш берувчи томонидан барча ҳужжатлари олиб қўйилиб, куч ишлатилган ва мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Ойлик иш ҳақи эса берилмаган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Волгоград шаҳридаги вакили ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида зудлик билан вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти билан корхонада рейд уюштирган. Рейд давомида вилоятнинг барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари иштирок этган.

Натижада иш берувчи ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилган. Ишчиларнинг паспорт ва ойлик маошлари олиб берилган.

Эслатиб ўтамиз, Россиядаги миграция марказида ўзбекистонлик йигитга куч ишлатган ходим ишдан олинганди.

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик мигрантларга оид янги таклиф берилган.