19:02 | 16.07.22 634

Тошкентдан Россиянинг 3 шаҳрига автобус қатновлари тикланади

Транспорт вазирлиги чипта нархини маълум қилди

Тошкентдан 18 июлдан бошлаб Россиянинг 3 шаҳрига мунтазам автобус қатнови йўла қўйилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Транспорт вазирлиги

Маълум бўлишича, Россиянинг Москва, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларига мунтазам автобус қатновлари қайта тикланади. Мазкур йўналишларда қатновлар «Yutong» автобусларида амалга оширилади. Қуйида ҳаракат жадвали эълон қилинган:

  • ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари “Тошкент” автовокзалидан соат 12:00 да Тошкент–Москва йўналишида қатновлар амалга оширилади. Мазкур йўналишда чипта нархи 1 000 000 сўм;
  • Тошкент–Қозон йўналишида қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари бажарилади. Автобуслар “Тошкент” автовокзалидан соат 11:00 да ҳаракатланишни бошлайди. Чипта нархи 800 000 сўм;
  • Тошкент–Санкт-Петербург йўналишида қатновлар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари бажарилади. Автобуслар “Тошкент” автовокзалидан соат 16:00 да йўналиш бўйлаб ҳаракатланишни бошлайди. Чипта нархи 1 250 000 сўм.

Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон билан автобус қатновини тиклаши ҳақида хабар берилганди.