Антимонополия қўмитаси газ қуйиш шохобчаларида нарх ошганига муносабат билдирди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистонда газ қуйиш шохобчаларида нарх ошгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 14 июлдаги 387-сонли қарорига мувофиқ юридик шахслар учун табиий газ ва электроэнергия учун тарифлар оширилиши вақтинчалик тўхтатилган.
Қўмита томонидан айрим автомобилларга газ қуйиш шахобчалари томонидан метан гази нархларини оширилганлиги юзасидан тезкор ўрганиш ишлари амалга оширилган.
Ўрганиш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шахобчалари томонидан бугунги кунда 1 метр/куб метан газининг нархи барқарор равишда ўртача 2300 сўмдан 2800 сўмгача сотилаётганлиги маълум бўлган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан метан газ нархлари доимий мониторинг қилиб борилаётгани ва автомобилларга газ қуйиш шахобчалари метан гази нархларини сунъий равишда оширган тақдирда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилиши маълум қилинган.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда газ қуйиш шохобчаларида нархларининг ошиши ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан маълумот берганди.




