Ҳафталик дайжест. Президент администрациясининг янги раҳбари, 200 минг сўмлик банкнот ва 1000 сўмлик танга, қўлга олинган Термизга снаряд отганлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Ҳафта тайинловлари: Сардор Умурзоқов Президент администрацияси раҳбари бўлди, унинг ўрнини Жамшид Хўжаев эгаллади.

Сардор Умурзоқов
Фото: «Bugun.uz»

2019 йилнинг январь ойидан бери инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида ишлаб келган (бир вақтнинг ўзида бош вазирнинг ўринбосари) Сардор Умурзоқов 8 июль куни ишдан кетган Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўрнига Президент администрацияси раҳбари бўлди.

Жамшид Хўжаев
Фото: «Bugun.uz»

Умурзоқовнинг ўрнига 2019 йилнинг январида инвестиция вазири лавозимидан кетган (у айнан Сардор Умурзоқовни алмаштирган) ва ҳозиргача Қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаб келган Жамшид Хўжаев тайинланди. Ҳозирча Хўжаевнинг курсиси бўш қолмоқда.

Афғонистондан Ўзбекистонга снаряд учирган гуруҳ ушланди.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласига 5 июль куни Афғонистон томондан снарядлар келиб тушганди. Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу ҳужумни уюштирган гуруҳ қўлга олинганини хабар қилди.

Маълум бўлишича, мамлакат махсус куч тузилмалари Қундуз вилоятидаги операция давомида «Хаворижлар» марказини топиб, йўқ қилган.

«Кеча тунда Қундузнинг Имом Соҳиб туманидаги Қанжағэ ҳудудида Ислом Амирлиги (Афғонистон)нинг махсус бўлинмалари ‘Хаворижлар’ марказини топиб, йўқ қилди.

Ушбу операцияда 3 нафар хавориж ўлдирилди, беш нафари тириклайин қўлга олинди. Уларнинг автомашиналари ва қуроллари мусодара қилинди. Яқинда улар Ўзбекистон ва Тожикистонни ракета ҳужумлари билан нишонга олганди», — деб ёзади Мужоҳид.

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси яна узайтирилди, энди жараён 1 августгача давом этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутат Жаҳонгир Ширинов билдирган таклиф маъқулланиб, қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 августгача узайтирилди. Бунга сабаб қилиб ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича кўплаб таклифлар келиб тушаётгани кўрсатилган.

Фото: «Bugun.uz»

Мажлисда Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов бундан олдинги муҳокама муддатини узайтириш (5 июлдан 15 июлгача) Қорақалпоғистондаги воқеаларга алоқаси йўқ эканини айтиб ўтган. Ўша пайтда ҳам ҳозиргидек сабаб бўлган — келиб тушаётган таклиф ва мулоҳазаларнинг кўплиги.

Демак, Конституциявий қонун лойиҳасининг муҳокамаси камида яна 15 кун давом этади. Бу орада (таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб) ўзгартириш киритилиши кутилаётган моддалар тегилмаслиги (худди Қорақалпоғистонга оид қисми амалдаги таҳрирда қолдирилгандек), яна қўшимчалар киритилиши ё лойиҳага қўшилмаган моддалар ҳам ўзгариши мумкин. Кузатамиз.

Даҳшатли рақамлар: Тошкентда ўтган ярим йил ичида 400 дан ортиқ ЙТҲда 36 киши ҳалок бўлди.

Фото: Иллюстратив / Тергов департаменти ахборот хизмати

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳисоботида келтирилишича, биргина пойтахтнинг ўзида 2022 йилнинг 6 ойи давомида 400 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши оқибатида 36 киши ҳалок бўлган. Уларнинг энг кўпи — 232 тасини 18–32 ёш оралиғидаги ҳайдовчилар содир этган.

Бошқарма кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун (эндими? хай майли, ҳечдан кўра кеч) шаҳарда 18 та сунъий нотекислик (табиийлари эса бундан кўп бўлса керак, ҳойнаҳой), 1105 та йўл белгиси ўрнатилган.

Яна озроқ даҳшатли рақамлар: Ўзбекистонда йил бошидан бери 882 туп қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний кесиб ташланди.

Фото: «Bugun.uz»

Экология қўмитаси раиси ўринбосарининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 6 ойида жами 882 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган бўлиб, 2021 йилга (1922 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) нисбатан 55 фоизга камайган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 миллирд сўм маъмурий жарима ва 4,3 миллиард сўм зарар суммалари белгиланган.

1 майдан бошлаб «Эконазорат» электрон тизими ишга туширилган. Ушбу электрон тизим орқали экологик ҳуқуқбузарликларни тасдиқловчи фото, видео далилларни юборган шахсларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Энергетика вазирлиги газ қуйиш шохобчаларида нархлар ошганига муносабат билдирди. Унинг қисқача мазмуни шундай: «Бунга биз айбдор эмасмиз ва ‘айбдор’ларга ҳам ҳеч нарса деёлмаймиз». Антимонополия эса нархни оширганларга чора кўришилини маълум қилди.

Вазирликнинг муносабатида келтирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 июлда қабул қилинган 387-сонли қарорига кўра, газ қуйиш шохобчалари учун маҳсулотларни сотиш нархлари ошмаган ва бир хил даражада сақланиб қолган (ушбу қарор билан ВМнинг 2022 йил 30 июндаги 348-сонли қарори бекор қилинган).

Фото: «Bugun.uz»

«Шу муносабат билан АГТКШларида автотранспорт воситаларига ёнилғи қуйиш учун ишлатиладиган метан нархини оширишнинг объектив сабаблари йўқ», дейилади вазирлик баёнотида.

Аммо, лекин, бироқ, деган жойи бор. Ушбу муносабатнинг сўнггида «калит гап» қўшиб кетилган: «Энергетика вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари АГТКШларнинг нарх сиёсатига таъсир кўрсатиш имкониятига эга эмас, чунки АГТКШлар бозор шароитида фаолият юритади ва талаб ва таклифга қараб нархларни ўзлари шакллантиради». Худди шундай ва бу тўғри. Уларнинг бозорга аралашишга ҳаққи йўқ.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси газ қуйиш шохобчаларида нарх ошганига муносабат билдириб, метан гази нархларини сунъий равишда оширганларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилишини маълум қилган.

Янги банкнот чиқарилди. Танга бўйича Сенатдан «сюрприз» бўлди.

Ўзбекистонда 15 июлдан (200 минг сўмлик банкнот билан) номинал қиймати 1000 сўмлик танга муомалага чиқарилди. Сенат Кенгашининг Марказий банк томонидан тақдим этилган 200 000 (икки юз минг) сўмлик банкнот билан бирга 1000 (бир минг) сўмлик танганинг ҳам намуна ва дизайнини маъқуллаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Аммо унинг дизайни ҳақида ҳеч қаерда маълумот берилгани йўқ.

Скриншот: Senat.uz

Қизиқ тарафи шундаки, Марказий банк томонида кеча эълон қилинган намуналар ва хабарларда 1000 сўмлик танга ҳақида гап йўқ эди. Лекин Сенат бугун эълон қилган, аммо 5 июлдаёқ қабул қилган қарорида бу ҳақида гап кетган. Орадан 9 кун ўтиб, қонун кучга киришидан бир кун олдин бу ҳақида хабар берилмоқда. Қизиқ. Жуда қизиқ.

Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат режими юмшатилди: комендантлик соати қисқартирилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлардан кейин жорий қилинган фавқулодда ҳолат режими (ҳудуд аҳолисининг одатдаги ҳаёт тартибига қайтаётгани ҳисобга олиниб) юмшатилиб, комендантлик соати 23 дан соат 5 га қадар этиб белгиланди (олдин соат 21 дан соат 7 гача эди).

Ўзбекистонда ўтган 6 ой давомида салкам 400 та Россия корхоналари очилди. Кўрсаткич олдинги даврларга нисбатан кескин фарқ қилади.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь–июнь ойларида янги ташкил этилган хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг энг кўпи россияликларга тегишли. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистонда 399 та Россия компанияси рўйхатдан ўтган.

Фото: «Bugun.uz»

Иккинчи ўринда турган Туркияда эса бундан анча кам — 6 ойда 183 та корхона. Хитой 124 та корхона билан учинчи ўринни қайд этган, ундан кейинги ўринда эса Қозоғистон — 100 та.

Россия корхоналарининг Ўзбекистонда очилиши февраль ойидан кейин кескин ортган: январда 23 та, февралда 28 та, мартда 56 та, апрелда 103 та, майда 92 та, июнда 89 та компания ташкил этилди.

Буни Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан бизнесини бошқа давлатга кўчирган, Россияни тарк этган тадбиркорлар билан боғлаш мумкин.

АҚШ Ўзбекистонни санкцияланган товарлар олиб ўтиладиган давлатлар рўйхатига киритди.

Қўшма Штатлар Молия вазирлиги Ўзбекистонни санкцияланган товарлар Россия ва Беларусга олиб ўтилиши мумкин бўлган 17 та давлат қаторига киритди.

Қўшма Штатлар Молия вазирлиги Ўзбекистонни санкияланган товарлар Россия ва Беларусга олиб ўтилиши мумкин бўлган 17 та давлат қаторига киритди.

Фото: «AP»

Давлатларнинг тўлиқ рўйхати Молия вазирлигининг иккита бўлинмаси — Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи ва Саноат ва хавфсизлик бюросининг тавсияларида келтирилган. Улар молия институтларини Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли жорий этилган «жисмоний ёки юридик шахсларнинг экспорт назоратидан қочишга уринишига қарши ҳушёр бўлишга» чақирган.

Ўзбекистон билан бир қаторда Грузия, Арманистон, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Исроил, Қозоғистон, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Жанубий Африка, Тайван, Тожикистон, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қирғизистон ҳам Россияга санкцияланган товарларни жўнатиш учун «транспорт пунктлари» деб аталган.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
Янгиликлар17:08 | 5.12.22
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди