16:18 | 17.07.22 324

Жамшид Хўжаев инвестиция ва ташқи савдо вазири этиб тайинланди

У бунга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлигига раҳбарлик қилиб келган

Номзоди 2022 йил 16 июл куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқўлланганидан сўнг Президент фармони билан Жамшид Абдухакимович Хўжаев Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, тайинловдан олдин Жамшид Хўжаев Қишлоқ хўжалиги вазирлигига раҳбарлик қилиб келган. Ушбу лавозимдан олдин 2017 йилдан 2019 йилгача ташқи савдо вазири бўлиб ишлаб келган. Ундан аввал эса Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб, ғазначилик, ташқи иқтисодий фаолият, ахборот технологиялари, лойиҳавий молиялаштириш ва бошқа департаментлар ишини мувофиқлаштирган.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари — Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида фаолият юритган, Ўзбекистон республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил қилиш, унинг фаолиятини тартибга солишнинг тўлақонли меъёрий-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, шунингдек, жамғарма ресурс базасини янада мустаҳкамлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган.

2021 йил 10 сентябрдан бошлаб Жамшид Хўжаев Тошкент Давлат аграр университети ректори вазифасини бажарувчиси лавозимига ҳам тайинланган.

Маълумот учун: Жамшид Хўжаев 1979 йилда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Ж. Хўжаев Президент ташаббуси билан иқтидорли талабалар учун ташкил этилган «Умид» жамғармасининг стипендияси соҳиби. 2002 йилда Европа давлат бошқаруви институтини (EIPA) тамомлаган, шундан сўнг 2003 йилда Бирмингем университетида (Буюк Британия) халқаро иқтисодий муносабатлар, давлат бошқаруви мутахассислиги бўйича МВА даражасига эга бўлган.

Commerzbank (Германия), ХВЖ (АҚШ), Standard Банк (ЖАР), JPMorgan Chase (АҚШ), Россия Банки (РФ), Natixis (Франция), KB Kookmin (Жанубий Корея), DBS (Сингапур), Credit Suisse (Швейцария) каби қатор хорижий ташкилотларнинг тренинг ва ўқув курсларида қатнашган.

Аввалроқ ушбу лавозимда ишлаб келган Сардор Умурзоқов Президент администрацияси раҳбари бўлганди.

Президент администрациясининг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов эса лавозимидан озод этилганди. Таъкидланишича, унинг саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан ушбу фармон қабул қилинган.