Қашқадарёдаги мактабда муштлашган директор ва ўқитувчи ярашиб олди
Қашқадарё вилояти Нишон туманида мактаб директори ва ўқитувчи ўртасида муштлашув содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу воқеа 15 июль куни соат тахминан 11:00 лар атрофида Нишон туман 2-сонли касб-ҳунар мактабида содир бўлган. Унда директор Г.У. ва ўқитувчи Х.О. ўзаро тортишиб қолиши оқибатида келишмовчилик юзага келган.
Айни вақтда ушбу ҳолат бўйича Нишон тумани ҳокими ўринбосари С.Худойқулов бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, бу воқеанинг асл сабаби кенг жамоатчилик билан бирга ўрганилди.
Шу ўринда, Нишон туман 2-сонли касб-ҳунар мактаби директори ва ўқитувчи айни вақтда ўзаро келишиб олган ҳолда, бир-бирига нисбатан ҳеч қандай гина-кудратни сақлаб қолмаган ва келажакда дўстона руҳда биргаликда ишлашга қўл ташлашган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Нишон туман ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу ҳолат юзасидан тез орада қўшимча маълумот берилади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида 5 июль куни ўқув маркази ўқувчилари ўртасида муштлашув содир бўлганди. Ҳодисага улар ўртасидаги ўзаро келишмовчилик сабаб бўлган.



