Бугун оқшоми. Қорақалпоғистон воқеалари бўйича янги тафсилотлар, Сирдарёда аниқланмаган куйдирги, космосда тезюрар поездни йўлга қўймоқчи бўлган Япония
@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Қорақалпоғистондаги тартибсизликларга оид янги маълумотлар эълон қилинди: яна 3 киши вафот этди, 3 миллиард 147 миллион сўмлик зарар етган, ҳеч ким бедарак йўқолмаган.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов томонидан 18 июль куни брифинг ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон воқеаларига оид қатор янгиликлар янгради. Улар қуйида қисқача келтирамиз.

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар вақтида олган жароҳатлари оқибати яна 3 киши вафот этди, яна 16 нафар фуқаро шифохоналарда даволанмоқда. Шундай қилиб, воқеалар оқибатида вафот этган фуқаролар сони 21 нафарга етди.
Қорақалпоғистонда 1–2 июль кунлари содир бўлган ноқонуний намойишларда қатнашган айрим фуқаролар бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилганди. Лекин Бош прокуратура расмийси буни рад этди. Рўйхатда кўрсатилганларнинг айримлари ўз уйида экани, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетгани, яна айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканлиги аниқланган.
Қорақалпоғистондаги намойишларда ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида тан жароҳати олган 141 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда соғлиғи ва мулкига зарар етказилган 16 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилди.
Тартибсизликлар оқибатида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мол-мулклари, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига 3 млрд 147 млн сўм зарар етган.
Шу йилнинг биринчи ярмида 1125 та электромобиль импорт қилинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 875 тага кўп.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонга 10 та хорижий давлатдан 34,1 миллион долларга тенг бўлган 1125 та электромобиль импорт қилинган (ўтган йилнинг худди шу даврида 250 та). Табиатга (ва бензин / газ қиммат бўлиб турган пайтда чўнтакка) дўст бўлган машиналар асосан Хитойдан (983 та) олиб келинган. БААдан 73 та электрокар олиб келинган бўлса, Германиядан 27 та шундай машина импорт қилиниб, кучли учликка якун ясаган.
Ҳаммаси жойида: Сирдарёда куйдиргига чалиниш ҳолати аниқланмади.
Сирдарё вилояти Сардоба туманида Сибир ярасига чалиниш билан боғлиқ ҳолат аниқлагани хабар қилинганди. Шундан сўнг ҳудудда ўрганишлар олиб борилган.

Ҳолатни ўрганиш бўйича ташкил этилган штаб мутахассислари томонидан қорамол сўйилган жойдан олинган тупроқ намуналари ва сўйилган қорамолнинг кала-почаси ҳамда тери қолдиқлари бактериология, паразитология ва микробиология лабораториясида тўлиқ анализ қилинган.
Олинган бешта тупроқ намунаси 5 кун давомида бактериологик текширилганда куйдирги касаллигига хос колониялар ўсмаган. Икки бош сичқонга биосинов қўйилиб, ўн кун кузатилган. Сичқонларда ножўя ўзгаришлар юз бермаган. Улар ёриб кўрилиб, ички органлари микроскопик ва бактериологик усулларда текширилганда касаллик қўзғатувчиси аниқланмаган.
Даҳшатли, даҳшатли, тайёр туринг: ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати 47 даражагача кўтарилиши мумкин.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон бўйича иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Республика ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати 38–43 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда 44–45 даражагача бўлади.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида иссиқ кучаяди ва 21–23 июль кунлари кундузи ҳаво 43-45 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 47 даражагача исийди. Фақат республика шимолида 23 июлда иссиқ аста-секин 37–42 даражагача пасаяди.
«Навбаҳор» машғулотида Жасур Яхшибоев ва Азим Аҳмедов ўртасида жанжал чиқди.
Жанжалда «Навбаҳор»га энди келиб қўшилган Жасур Яхшибоевнинг қоши ёрилган. Азим Аҳмедов эса машғулотдан четлатилган. Кейинроқ жамоа сардори ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

«‘Навбаҳорʼнинг жонкуяр мухлислари, илтимос, мени ёмон кўрманглар. Футболда ҳар хил вазият бўлади. Яхшибоев билан сал тортишиб қолдик. Ҳозир ҳаммаси жойида, кўришиб, келишиб олдик.
Мухлислар, сизларни деб жамоада қолганман. Биласизлар, сизлар учун ҳам, йигитлар учун ҳам туриб берганман. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Керак бўлса Яхшибоев учун ҳам туриб бераман. Келишмовчиликлар машғулотлар тугагач, унутилади. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади», — деди Азим Аҳмедов.
Бошқа хабарлар пунктларда:
- Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Юлдаш Караев 70 ёшида вафот этди;
- Алишер Усмонов ва Европа Иттифоқи ўртасидаги суд: ҳозиргача нималар маълум?
Хўш, оламда нима гап?
Баъзи давлатлар ерда эплолмаётган бир пайтда Япония космосда тезюрар поездни йўлга қўяди.
Япониянинг Киото университети тадқиқотчилари «Kajima Construction» компанияси билан тезюрар поездни коинотга олиб чиқиш режаси устида ишламоқда.

Маълум қилинишича, агар мазкур технология амалга ошса, одамлар турли сайёраларга поездда саёҳат қилиши мумкин бўлади. Япония Марс ва Ойга одамларни юбориш режаларини эълон қилган.
Тадқиқотчиларнинг сайёралараро транспорт тизими «Hexatrack» деб аталади. У узоқ масофаларга саёҳат қилишда 1G тортишиш кучини сақлаб қолади.
Шунингдек, поездларда ўртада ҳаракатланувчи мослама бўлган олти бурчакли капсулалар ҳам бўлади. Япониялик тадқиқотчиларнинг таклифига кўра, радиуси 15 метр бўлган мини-капсула Ер ва Ойни боғлайди. Ой ва Марсни боғлаш учун радиуси 30 метр бўлган капсула керак бўлади.
Капсула Германия ва Хитойдаги маглев поездларида қўлланиладиган электромагнит технологиядан фойдаланади. Ойдаги станция Lunar Station, Марсдаги поезд станцияси Mars Station деб номланади. У Марснинг Фобос йўлдошида жойлашади. Ер станцияси «Terra Station» деб номланади. «Space Express» номи билан танилган космик поезд стандарт ўлчагичда ишлайди.
Тадқиқотчилар яшил майдон, сув хусусиятлари ва жамоат транспортини ўзига мужассамлаштирган шампан шишаси шаклидаги турар-жой иншоотини қуришни ҳам мақсад қилган. Структура «Glass» (шиша) деб номланади.
Лойиҳанинг амалга ошиши учун бир аср керак бўлиши мумкин. Бироқ, тадқиқотчилар 2050 йилгача «Marsglass» ва «Lunaglass» соддалаштирилган прототипини яратишни мақсад қилган. Интеграциялашган илғор тадқиқотлар олий мактаби директори Йосукэ Ямашикининг сўзларига кўра, Япония космик уй-жой қуриш учун тайёрлаётган нарса келажакда инсоният космосни мустамлака қилишни таъминлаш учун жуда муҳимдир.