10:43 | 18.07.22 441

ДХХ Тожикистонга 90 минг долларни ноқонуний олиб кетаётган аёлни ушлади

У пулни кийимига яшириб, Тошкент вилояти чегарасидан ўтмоқчи бўлган

Тошкент вилоятидаги «Фарҳод» чегара постида Тожикистонга 90 минг долларни кийимига яшириб, олиб кетаётган аёлни ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, бекободлик Ш.М. исмли аёл 20 минг долларни оёқ кийими ичига яшириб, «Фарҳод» чегара божхона пости орқали Тожикистонга олиб ўтмоқчи бўлган вақтида ДХХ томонидан тўхтатиб қолинди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётган вақтда у худди шундай ноқонуний ҳаракатни содир этди.

Қайд этилишича, у 70 минг долларни эгнидаги кийимлари орасига яширган ҳолда айнан шу чегара божхона пости орқали қўшни давлатга олиб чиқишга уринганида қўлга олинди. Аниқланишича, хорижий валюта Тожикистон фуқаросига тегишли бўлиб, Ш.М. куръерлик хизматига маълум бир миқдорда пул олиши керак бўлган.

Аввалроқ ДХХ Тожикистонга 356 минг долларни ноқонуний олиб кетаётган 2 аёлни ушлаганди. Улар ҳам пулни кийимига яшириб, чегарадан ўтмоқчи бўлган.