Фарғонада «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоси 10 йилга озодликдан маҳрум этилди
Фарғонада «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоси 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, 2022 йилнинг февраль ойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида Қўқон шаҳрида истиқомат қилган «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти тарафдори 1979 йилда Фарғона вилоятида туғилган Мелиқўзиев Азиз Рустамовичнинг жиноий фаолиятига чек қўйилган. Тергов жараёнида маълум бўлишича, А.Мелиқўзиев муқаддам «Ҳизб ут-Таҳрир» сафида фаолият олиб борганлиги учун 2000–2004 ва 2007–2013 йилларда жазо муддатини ўтаб чиққан.
Бироқ, у ўзига тегишли хулоса чиқармай жиноий фаолиятини тиклаб, Интернетнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги «Азам Шодмонов» номли профили орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиб, виртуал дўстларига «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЕТнинг аудио-видео материалларини тарқатиб келган.
А. Мелиқўзиевнинг жиноий ҳаракатлари айни пайтда Польшада яшириниб келаётган «Ҳизб ут-Таҳрир» ДЕТнинг ғоявий еткчиларидан бири бўлган Ўзбекистондаги ва хориждаги ватандошларимизни радикаллашувига ҳамда жиноятчига айналиб қолишларига сабабчи бўлаётган «Маҳмуд Абдулмўмин» тахаллусли 1980 йилда Қирғизистонда туғилган, мазкур давлат фуқароси ва содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган Холдаров Махмуджон Абдумаликович томонидан бошқарилган.
2022 йилнинг июль ойида А. Мелиқўзиевнинг жиноий қилмишлари Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган.
Аввалроқ Тошкентда «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоларининг фаолиятига чек қўйилганди.


