Медведев Қримни тан олмаслик ва унга ҳужум қилиш оқибатини айтди
Зеленский таҳдидга жавоб қайтарди
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украина ёки NATO давлатларининг Қримни Россия деб тан олмаслиги Москва учун тизимли хавф туғдиришини айтди. Украина президенти бунга жавоб қайтарди.

Медведевнинг сўзларига кўра, Қрим «Россияга қайтди» ва агар бирон бир давлат, айниқса Шимолий Атлантика альянсига кирувчи давлатлар Қримни тан олмаса, Кремль учун бу таҳдид доимий характерга эга бўлади.
«Қрим билан содир бўлган воқеалар контекстида бу тўғридан-тўғри ва аниқ таҳдид. Қрим Россияга қайтарилди. Агар бошқа давлат, хоҳ у Украина, хоҳ NATO давлатлари Қрим Россия эмас, деб ҳисобласа, бу биз учун тизимли таҳдиддир», — деган Медведев.
Расмийга кўра, агар «яна бир ақлдан озган миллатчи» Украина раҳбари бўлса, таҳдид ҳужумга қадар можарога айланиб кетиши мумкин. Медведев агар Қримга ҳужум қилинса, Киев расмийларини «қиёмат куни» кутишини таъкидлаган.
«Шу муносабат билан айтмоқчиманки, улар бундай баёнотларнинг оқибатини тушуниши аниқ. Агар шунга ўхшаш воқеа содир бўлган тақдирда, улар учун қиёмат куни жуда тез келади. Яшириниш жуда қийин бўлади», — деган Медведев.
Ўз навбатида, Украина президенти Владимир Зеленский Медведевнинг таҳдидига жавоб қайтарган.
«Россиядан Украинага ‘қиёмат куни’ ҳақида яна бир унчалик яхши бўлмаган баёнот берилди. Албатта, ҳеч ким бундай қўрқитишни қабул қилмайди. Буни Россия Донбасс осмонида Малайзия ‘Boeing’ини йўқ қилганидан кейин айтиш нақадар беодоблик. Яширин террорчилик ҳаракатида 298 киши ҳалок бўлди. Улардан 80 нафари бола эди. Ўнта давлат фуқаролари ҳам бўлган», — деган Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, ўшанда, 2014 йилда Россия шу йўлдан – террорчи давлат мақомига ва «Россиянинг Украинага бўлган тажовузига нисбатан албатта рўй берадиган» махсус трибуналгача борган.
«Бу Россия учун қиёмат куни бўлади. Албатта, мажозий маънода эмас, баланд овозда эмас, балки том маънода», — дейди Украина президенти
Аввалроқ Медведев Украина NATO’га қўшилса, Учинчи жаҳон уруши бошланишини айтганди. Шунингдек, Дмитрий Медведев урушни ҳал қилишда Зеленскийга маслаҳат берганди.