Қорақалпоғистондаги намойишларда қатнашган айрим фуқаролар бедарак йўқолгани хабар қилинди
Қорақалпоғистонда 1–2 июль кунлари содир бўлган намойишларда қатнашган айрим фуқаролар бедарак йўқолгани хабар қилинди. Бош прокуратура 18 июль куни бўлиб ўтган брифингда хабар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, баъзи хорижий ижтимоий тармоқларда воқеада иштирок этган айрим фуқаролар бедарак йўқолгани ҳақида мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган «фейк» хабарлар тарқатилмоқда.
«Ваҳоланки, тармоқларда тарқатилган рўйхатда кўрсатилган бир қисм фуқаролар ўз яшаш уйида эканликлари, бир қисми Қорақалпоғистон ҳудудидан четга чиқиб кетганликлари, айримлари эса, умуман мавжуд бўлмаган шахслар эканлиги аниқланди.
Шундай бўлса-да бу ҳолат ҳам Бош прокуратура тезкор-тергов гуруҳи томонидан назоратга олинди ва ҳозирги вақтда яна бир бор чуқур ўрганиб чиқилмоқда», — дейилади муносабатда.
Бош прокуратура, шунингдек, аҳолидан сохта ва уйдирма маълумотларга ишонмасдан, ўтказилаётган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни Бош прокуратура Штаби ахборот манбаларидан олишни сўраган.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларда яна 3 нафар фуқаро ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Қайд этилишича, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган 274 нафар фуқароларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан 16 нафар фуқаро тиббий муассасаларда қолмоқда, яна 3 нафар фуқаро аҳволи ўта оғир бўлгани боис, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан вафот этган.




