Тошкентда халқаро туризм ярмаркаси ўтказилади
Туризм ва маданий мерос вазирлиги Миллий ПР маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг 30-ноябрь–2 декабрь кунлари 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасини ўтказади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Ярмарка дастури доирасида ҳар йили конференсиялар, Б2Б учрашувлари, давра суҳбатлари, туризм хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистон ҳудудлари туризм салоҳияти тақдимотлари, гастрономик ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади.
Хусусан, 2019 йилда ўтказилган Тошкент халқаро туризм ярмаркасида 15 мингдан ортиқ музокаралар ўтказилиб, 9 мингдан ортиқ ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бу ярмарка тарихидаги энг йирик тадбирдир.
Тошкент халқаро туризм ярмаркаси – «Ипак йўлидаги туризм» (ТИТФ) Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси туризм саноатидаги энг ёрқин ва йирик тадбирдир.
Ярмарка 1995-йилдан бери БМТ Жаҳон туризм ташкилотининг расмий кўмагида ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили кўргазмага бутун дунёдан туризм бизнеси мутахассислари ташриф буюради.


