12:44 | 18.07.22 419

Япония космосда тезюрар поездни йўлга қўяди

У сайёралараро саёҳат қилишга мўлжалланган

Япониянинг Киото университети тадқиқотчилари «Kajima Construction» компанияси билан тезюрар поездни коинотга олиб чиқиш режаси устида ишламоқда. Бу ҳақда «Transcontinental Times» хабар берди.

Фото: «Fotolla»

Маълум қилинишича, агар мазкур технология амалга ошса, одамлар турли сайёраларга поездда саёҳат қилиши мумкин бўлади. Япония Марс ва Ойга одамларни юбориш режаларини эълон қилган.

Тадқиқотчиларнинг сайёралараро транспорт тизими «Hexatrack» деб аталади. У узоқ масофаларга саёҳат қилишда 1G тортишиш кучини сақлаб қолади.

Шунингдек, поездларда ўртада ҳаракатланувчи мослама бўлган олти бурчакли капсулалар ҳам бўлади. Япониялик тадқиқотчиларнинг таклифига кўра, радиуси 15 метр бўлган мини-капсула Ер ва Ойни боғлайди. Ой ва Марсни боғлаш учун радиуси 30 метр бўлган капсула керак бўлади.

Капсула Германия ва Хитойдаги маглев поездларида қўлланиладиган электромагнит технологиядан фойдаланади. Ойдаги станция Lunar Station, Марсдаги поезд станцияси Mars Station деб номланади. У Марснинг Фобос йўлдошида жойлашади. Ер станцияси «Terra Station» деб номланади. «Space Express» номи билан танилган космик поезд стандарт ўлчагичда ишлайди.

Тадқиқотчилар яшил майдон, сув хусусиятлари ва жамоат транспортини ўзига мужассамлаштирган шампан шишаси шаклидаги турар-жой иншоотини қуришни ҳам мақсад қилган. Структура «Glass» (шиша) деб номланади.

Лойиҳанинг амалга ошиши учун бир аср керак бўлиши мумкин. Бироқ, тадқиқотчилар 2050 йилгача «Marsglass» ва «Lunaglass» соддалаштирилган прототипини яратишни мақсад қилган. Интеграциялашган илғор тадқиқотлар олий мактаби директори Йосукэ Ямашикининг сўзларига кўра, Япония космик уй-жой қуриш учун тайёрлаётган нарса келажакда инсоният космосни мустамлака қилишни таъминлаш учун жуда муҳимдир.

Аввалроқ NASA инсонларни Марсга юбориш санасини маълум қилганди. Шунингдек, Илон Маск Марсга парвоз чиптасининг нархини очиқлаганди.