Арманистон Тоғли Қорабоғдан қўшинларини қачон олиб чиқишини эълон қилди
Арманистон армияси сентябрь ойигача Тоғли Қорабоғ ҳудудини тўлиқ тарк этади. Бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян «Armenpress» Telegram каналига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, уруш натижасида Арманистон армиясининг бир қатор бўлинмалар Мудофаа кучларига ёрдам бериш учун Тоғли Қорабоғга кирган. Ўт очиш тўхтагандан сўнг улар Арманистонга қайтмоқда.
«Бу жараён якунланиш арафасида ва сентябрь ойида тугайди. Мудофаа армиясига келсак, у Тоғли Қорабоғда бўлган ва у ерда қолишда давом этади», — деган Григорян.
Шу билан бирга, расмий Россия тинчликпарвар контингенти Тоғли Қорабоғ хавфсизлиги кафолатига айланиши кераклигини айтган.
«Илгари Тоғли Қорабоғ хавфсизлигини таъминлаш функцияларини Тоғли Қорабоғ мудофаа армияси бажарган. Бу борада ҳеч нарса ўзгармади.
Аммо шуни таъкидлаш керакки, Россия тинчликпарвар кучларининг Тоғли Қорабоғга киритилиши хавфсизлик кафолати бўлиши керак», — деган Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби.
Шунингдек, у Тоғли Қорабоғнинг шартномавий армияга эга бўлиш имконияти сақланиб қолишини таъкидлаган.
Аввалроқ Озарбайжон президенти Арманистонга ультиматум қўйганди. Шунингдек, Озарбайжон Арманистон томони ҳарбий позицияни ўққа тутганини маълум қилган.



