Ўзбекистонда ярим йилда 3,5 мингта ЙТҲ содир бўлди
«Авария»лар оқибатида 784 киши ҳалок бўлган
Ўзбекистонда 2022 йилнинг 6 ойи давомида 3559 та йўл-транпорт ҳодисаси содир бўлди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу бўйича статистикани эълон қилди.

Қайд этилишича, ярим йилда «авария»лар оқибатида 784 киши ҳалок бўлган, кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 13,9 фоизга пасайган. Жароҳат олганлар сони эса 2775 кишини ташкил қилмоқда.
Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда Фарғона (621 та) ва Наманган (400 та) вилоятлари қизил даражада, яъни у ерда ўтган йилга нисбатан кўпроқ кўп йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган.
Транспорт воситалари турлари бўйича таҳлил натижалари энг кўп «авария» енгил машиналар (2990 та) томонидан содир этилганини кўрсатмоқда. Шунингдек, юк автомобиллари (373 та) ва велосипедлар (372 та) иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари бир хил кўрсаткичга эга.
Шунингдек, ҳодиса содир этган ҳайдовчиларнинг ёши бўйича ҳам таҳлил ўтказилган. Унга кўра, энг кўп — 974 та ЙТҲ 25 ёшгача бўлганлар томонидан содир қилинган. 25–30 ёш оралиғидаги ҳайдовчилар эса 960 та «авария» қилган.
Ҳодисаларнинг сутка вақти бўйича таҳлилига кўра, 2338 та ЙТҲ кунда, 1221 таси эса тунда содир бўлган. Ҳафта кунлари таҳлили бўйича энг кўп «авария»лар пайшанба ва шанба кунлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг 6 ойи давомида 400 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши оқибатида 36 киши ҳалок бўлганди. 18–32 ёш оралиғидаги ҳайдовчилар энг кўп — 232 та ЙТҲ содир этган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил давомида 10 001 та йўл транспорт-ҳодисаси содир этилган бўлиб, бунинг оқибатида 2426 киши ҳалок бўлган.