Бугун оқшоми. Президентга мурожаат қилган Жўқорғи Кенгес, Хитойга экспорт қилинган 404 млн долларлик газ, Украина ҳудудлари аннескиясига тайёрланаётган Россия

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси фавқулодда ҳолат режимини юмшатишни сўраб, Президентга мурожаат йўллади.

Фото: «Bugun.uz»

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг ХХХI сессияси 20 июль куни бўлиб ўтди. Унда депутатлар томонидан ҳудудда 2 июлдан жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини юмшатиш юзасидан Шавкат Мирзиёевга мурожаат тасдиқланди.

Бунга иккинчи томоннинг муносабати қандай бўлади, кутамиз. Аммо Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда эмас, у Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви доирасидаги тадбирларда иштирок этиш учун Қирғизистонга учиб кетди.

UPD: Президент Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолатни муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 21 июль куни соат 05:00 дан бошлаб тугатилади.

Яна озроқ Қорақалпоғистон воқеалари ҳақида: намойишлар вақтида ёқиб юборилган юк машинаси (қуйидаги суратда) эгаси бухоролик бўлган. Ҳолатни ўрганиш бўйича тузилган комиссия аъзолари Ғиждувон туманида яшовчи Умид Муҳамедов ва Искандар Икрамовлар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини кўриб чиққан.

Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ахборот хизмати

Қайноқ хабар: аномал иссиқ туфайли ерусти метро поездларининг ҳаракат тезлиги пасайтирилди.

Тошкент метрополитенининг «Ерусти ҳалқа йўли» ва «Сергели» йўлларида метро поездлар ҳаракат тезлиги 25 километр/соатгача туширилди. Поездлар ҳаракат жадвалини меъёрда сақлаш мақсадида «Чилонзор» йўналишининг ерости йўли қисмида («Олмазор»–«Буюк ипак йўли») поездлар тезлиги 40 километр/соатга туширилган.

Фото: «Bugun.uz»

Шу еригача хабар эди, энди бошидаги «қайноқ» сўзига тегишли жойи: ер усти метро темирйўллари ва уларнинг пўлат қисмларининг ҳарорати жуда юқори бўлиб, +65 даражага етган.

Энди оловли хабар: Ўзбекистонда ўтган 6 ойда 4 минг 465 та ёнғин юз берган, 52 киши ҳалок бўлган.

Шу йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйлаб 4 минг 465 та ёнғин содир бўлган ва уларда 52 киши ҳалок бўлган, тан жароҳат олганлар сони 101 нафарни ташкил этган. Бу сонлар ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан мос равишда 525 та, 9 нафар ва 36 нафарга камайган.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, июль ойининг биринчи ўн беш кунлигида ёнғинлар билан боғлиқ вазият фаоллашгани кузатилмоқда. Ушбу даврда содир бўлган ёнғинлар 579 тани ташкил этиб, 95 таси қуриган ўсимликларнинг ёниши, 397 таси аҳоли турар жойлари ва 87 таси бошқа объектларга тўғри келмоқда.

Қизиқ ишлар: Ўзбекистон Хитойга ўтган олти ой давомида 404 миллион долларлик газ экспорт қилган. Бу ҳақда рус сайтлари ёзяпти (бу бўйича кечаги сценарий такрорланяпти — Шота Руставели кўчасидаги трамвай йўли тикланиши ҳақидаги хабарни грузин томони биринчи берганди).

Фото: «minfin.com»

«ТАСС»нинг Хитой бош божхона бошқармасига таяниб хабар беришича, Ўзбекистон ярим йил давомида Хитойга 404 миллион долларлик газ сотган, аммо унинг ҳажми ҳақида маълумот берилмаган. Мамлакат Хитойга газ етказиб бериш бўйича бешинчи ўринни эгаллаган (Туркманистон етакчи).

Россиянинг энергетика сайти — «Neftgaz.ru»нинг ёзишича, 2022 йилнинг тўрт ойида Ўзбекистон Хитойга 132,8 миллион долларлик газ экспорт қилган. Аммо бунда ҳам экспорт қилинган газ ҳажми очиқланмаган. Бундан келиб чиқадики, Хитой Ўзбекситондан газ импортини ўтган икки ойда кескин оширган.

Пойтахтга марказий кўчалардан бирига трамвай йўллари қайтарилиши ҳақида грузинлардан эшитдик, хўп, кўндик, лекин Хитойга қанча табиий газ сотганимизни руслардан ўқишимиз жуда ажабланарли (балки унақамасдирам). Энди навбат қайси соҳага? Қайси давлатнинг нашрларини кузатиб турайлик?!

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистонда 23–24–25–26 июль кунлари барча ҳудудларда 6 та олий таълим муассасасининг тегишли бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади;
  • Ҳудудлардаги аномал иссиқ сабаб 17 июлдан 20 июль соат 06:00 га қадар Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 130 115 та чақириқ келиб тушган. Мурожаатчиларнинг 23 421 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас етишмовчилиги, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар ташкил этди. Уларнинг 4215 нафари эса госпитализация қилинди.

Хўш, оламда нима гап?

Яқинлашув: Қирғизистон Россия билан савдони рублда амалга оширади.

Фото: «Акчабар.kz»

Мамлакат иқтисодиёт вазири Дониёр Амангелдиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон томони ҳозирда Россиядан экспорт қилинадиган деярли барча товарлар учун тўловни рублда амалга оширмоқда. У яқинда Россияда рублнинг бошқа етакчи жаҳон валюталарига нисбатан мустаҳкамланиши кузатилаётганини айтган.

Таъкидланишича, Қирғизистонда ёқилғи-мойлаш материаллари АҚШ долларида тўлов амалга оширилган кам сонли товарлар гуруҳидан бири бўлган. Аммо яқинда улар учун тўловларни Россия билан рублда ўтказишга қарор қилинган. Бу омил Қирғизистонда бензин ва дизел ёқилғиси нархининг ошишига олиб келган. Бугунги кунда Россия Қирғизистон бозорига асосий ёқилғи-мойлаш материалларини экспорт қилади.

Россия босиб олинган ҳудудларни аннексия қилишга тайёрланмоқда. АҚШ буни жавобсиз ва жазосиз қолдирилишига йўл қўймоқчи эмас.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг сўзларига кўра, Россия босиб олинган Украина ҳудудларини 2022 йил охирида, эҳтимол Россиядаги минтақавий сайловлар билан бир вақтда аннекcия қилиши (сохта референдум ўтказиши) мумкин.

Фото: Оқ уй матбуот хизмати

Унинг таъкидлашича, Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларини куч билан аннексия қилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомини жиддий бузиш ҳисобланади.

«АҚШ буни жавобсиз ва жазосиз қолдиришга йўл қўймайди. Россия 2014 йилда Қримни аннексия қилганини эълон қилганида ҳам худди шундай тактика қўлланган. Халқаро ҳамжамият Қримнинг аннексия қилинишини ноқонуний деб билади», — деган Оқ уй расмийси.

Кирбига кўра, энди Россия Украина шарқидаги телеминораларни ўз назоратига олишга ҳаракат қилмоқда. Кирби АҚШ яқин бир неча кун ичида Украинага янги қурол пакетини эълон қилишини айтган. Унинг таркибига HIMARS мобил ракета мосламалари, кўплаб ракета-ташувчилар ва артиллерия ўқ-дорилари кириши кутилмоқда.

Вашингтон уруш бошланганидан бери Украинага хавфсизликни таъминлаш учун 8 миллиард доллар, жумладан, июль ойнинг ўзида 2,2 миллиард доллар ажратган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Президент тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга доир фармонни имзолади
Жамият19:07 | 1.10.22
Президент тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга доир фармонни имзолади
Ўзбекистонда энг арзон палов қаерда сотилаётгани маълум бўлди
Жамият18:32 | 1.10.22
Ўзбекистонда энг арзон палов қаерда сотилаётгани маълум бўлди
Ўзбекистонда кейинги ҳафта қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди
Жамият17:45 | 1.10.22
Ўзбекистонда кейинги ҳафта қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди
Азиз Абдуҳакимов Tourism EXPO Japan 2022 вазирлар анжумани иштирокчиларини Самарқандга таклиф этди
Жамият17:14 | 1.10.22
Азиз Абдуҳакимов Tourism EXPO Japan 2022 вазирлар анжумани иштирокчиларини Самарқандга таклиф этди
Тошкентда номаълум шахслар мушукнинг юнгини олиб, мўйловларини қирқиб ташлади
Жамият16:28 | 1.10.22
Тошкентда номаълум шахслар мушукнинг юнгини олиб, мўйловларини қирқиб ташлади
Ўзбекистон ТИВ Кобулдаги портлаш юзасидан баёнот берди
Жамият15:34 | 1.10.22
Ўзбекистон ТИВ Кобулдаги портлаш юзасидан баёнот берди