Чўлпонотада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди — фото
Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон етакчиси Қосим-Жўмарт Тўкаев ва Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровнинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар берди.

Маълум бўлишича, давлат раҳбарлари Иссиқкўл бўйлаб қайиқда саёҳат қилган. Саёҳат давомида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган. Шунингдек, мамлакатлар етакчилари минтақавий кун тартибидаги қатор масалалар юзасидан фикр алмашган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 20 июль куни Чўлпонота шаҳрига етиб борганди.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон раҳбарлари учрашувининг фотосуратлари эълон қилинганди.


