Ўзбекистон Хитойга ярим йилда қанча газ сотгани очиқланди
Ўзбекистон Хитойга 2022 йилнинг январь–июнь ойларида қанча табиий газ экспорт қилгани маълум бўлди. Хитой бош божхона бошқармасига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, ўтган олти ой давомида республика Пекинга 404 миллион долларлик газ экспорт қилган ва шу йўналишдаги давлатлар орасида бешинчи ўринни эгаллаган. Хитойга газ сотувчи давлатлар орасида Туркманистон биринчи ўринни эгаллашда давом этмоқда. Жумладан, мамлакатдан 4,51 миллиард долларлик (1,5 баробар ўсиш) газ экспорт қилган.
Иккинчи ўринда Россия 2,15 миллиард доллар (2,8 баробар ўсиш), ундан кейинги ўринда Мьянма 616 миллион доллар (12 фоизга пасайган), тўртинчи ўринда Қозоғистон 531 миллион доллар (8,8 фоизга камайган), бешинчи ўринда эса Ўзбекистон (2,2 баравар ошиш), 404 миллион доллар қайд этилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Хитойга ички талабни қондириш учун йил бошида тўхтатилган газ экспортини қайта тиклаган. Ҳукумат етказиб бериш қайта тиклангани ҳақида эълон қилмаган, бироқ Хитой маълумотларига кўра, Тошкент Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтувчи Марказий Осиё–Хитой қувури орқали газни яна экспорт қилмоқда.
Россиянинг «Neftegaz.ru» энергетика сайтининг Хитой бош божхона бошқармасига таяниб хабар беришича, 2022 йилнинг тўрт ойида Ўзбекистон Хитойга 132,8 миллион долларлик газ экспорт қилган. Аммо экспорт қилинган газ ҳажми очиқланмаган.



