Парламент Президентнинг Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолатни тугатиш бўйича фармонини тасдиқлади
Бу бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма қарори эълон қилинди
Қонунчилик палатаси ва Сенат Президентнинг Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолатни тугатиш бўйича фармонини тасдиқлади. Бу бўйича Парламент Юқори ва Қуйи палаталари қўшма қарори матни «ЎзА»да эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддаси биринчи қисмининг 19-бандига ва «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни 11-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати қуйидагиларга қарор қилган:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 июлдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида»ги ПФ–173-сонли Фармони тасдиқланади.
2. Ушбу Қўшма қарор дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
3. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 2 июль куни «Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида»ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берилган. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати ушбу фармонни тасдиқлаган.