Қирғизистон Россия билан савдони рублда амалга оширади
Қирғизистон Россия билан савдо ҳисоб-китобларини рублда амалга ошириш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Мамлакат иқтисодиёт вазири Дониёр Амангелдиев бу бўйича маълумот берган.
«Ёқилғи-мойлаш материаллари АҚШ долларида тўлов амалга оширилган кам сонли товарлар гуруҳидан бири бўлганди. Яқинда улар учун тўловларни Россия билан рублда ўтказишга қарор қилинди», — деган у.
Амангелдиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон томони ҳозирда Россиядан экспорт қилинадиган деярли барча товарлар учун тўловни рублда амалга оширмоқда. У яқинда Россияда рублнинг бошқа етакчи жаҳон валюталарига нисбатан мустаҳкамланиши кузатилаётганини айтган. Бу омил Қирғизистонда бензин ва дизел ёқилғиси нархининг ошишига олиб келган. Бугунги кунда Россия Қирғизистон бозорига асосий ёқилғи-мойлаш материалларини экспорт қилади.
Аввалроқ Песков Россия ва Эрон савдода доллардан воз кечишини айтганди. Шунингдек, Германия ва Италия газни рублда сотиб олиши маълум қилинган.




