Қирғизистон Россияни тарк этган компаниялар билан ҳамкорлик қилади
Қирғизистон Россия бозорини тарк этган компаниялар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Амангельдиевга таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳамкорлик агар республикага нисбатан санкциялар қўлланилмаса амалга ошади. Амангельдиев айрим компаниялар Қирғизистон бозорига киришга ҳозирданоқ тайёрлигини айтган. Улар орасидан IT-технологиялари соҳасидаги компаниялар ҳам бор.
«Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида импорт ўрнини босиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, санкциялар қўлланилиши муносабати билан ички бозорни тўлдириш мақсадида 1,3 мингдан ортиқ маҳсулот гуруҳлари қабул қилинди», — деган вазир.
Бундан ташқари, расмий шахсий фойдаланиш учун товарларни божсиз олиб кириш чегараси 300 евродан 1000 еврога кўтарилганини айтган.
«Иккиламчи санкцияларда давлатлар эҳтиёткорлик билан орқага қарайди. Мамлакатлар бизнинг бир иттифоқда эканимизни ва бошқа компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқчилигимизни тушунади. Биз буни қаттиқ назорат қиламиз», — деган Амангельдиев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон президенти ҳукуматга Россия бозорини тарк этган хорижий компанияларнинг мамлакатга кўчирилиши учун қулай шароит яратиш бўйича топшириқ берганди. Путин идораси Россиядан кетган компанияларни Қозоғистон жалб қилишига муносабат билдирганди.


