Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан қўшимча маълумотлар очиқланди
Қорақалпоғистонда 1–2 июль кунлари бўлиб ўтган тартибсизликлар бўйича қўшимча маълумотлар очиқланди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари гуруҳларга бўлинган ҳолда ўрганишлар олиб бормоқда. Хусусан, комиссия аъзолари бўлиб ўтган воқеалардан жабр кўрган Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи Умид Муҳамедов ва Искандар Икрамовлар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқди.

Қайд этилишича, уларга тегишли бўлган юк машинаси тартибсизликлар оқибатида ёниб кетган. Автомашинанинг ҳолати воқеа содир бўлган жойга борган ҳолда ўрганилди.

Шунингдек, комиссия аъзолари томонидан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси маъмурий биносига ўтказиш пунктида хизмат олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан суҳбат ўтказилди. Ўрганишлар жараёнида орган ходимлари тартибсизликларни бартараф этиш бўйича қилинган чоралар батафсил муҳокама қилинди. Комиссия аъзолари, шунингдек, кенгес маъмурий биноси ва ҳудуди хавфсизлигини таъминловчи ва ушбу воқеалар бўлган куни хизматда бўлган ходимлар билан учрашган.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда юз берган воқеалар сабаб ўчирилган интернет ишлашни бошлагани ҳақида хабар берилганди.


