Тошкент вилоятида қудуққа тушиб кетган фуқаро қутқарилди
ФВВ қутқарувчилари борган вақтда у ҳушини йўқотган бўлган
Тошкент вилояти Зангиота туманида 19 июль куни қудуқ ичига тушиб кетган фуқаро қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, шу куни 11:41 да Тошкент вилояти Зангиота туманида чиқинди сувлар оқиб кетиши учун мўлжалланган қудуқдаги носозликни бартараф этиш учун тушган фуқаро ундан чиқа олмаётгани ҳақида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Зудлик билан айтилган манзилга ФВВ қутқарувчилари етиб борган вақтда қудуқ ичига тушган 46 ёшли фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани маълум бўлган. Тезкорлик билан қутқарувчилар махсус қутқарув анжомлари ёрдамида уни қудуқдан олиб чиқиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган ва ҳаётини сақлаб қолган.
Шундан сўнг малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тез тиббий ёрдам орқали даволаш муассасасига юборилган. Айни вақтда фуқаро шифокорлар назоратида.
Аввалроқ Наманган вилояти Поп туманида 22 июнь куни 3 ёшли бола очиқ қудуққа тушиб кетганди. Шунингдек, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 12 июнь куни 6 ёшли бола 25 метрли қудуққа тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди.