Ургутдаги тўйхонада одамлар оммавий заҳарлангани хабар қилинди
Ҳокимлик ҳолат юзасидан муносабат билдирди
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги «Жозмон» маҳалласидаги тўйхонада оммавий заҳарланиш ва юқори температура ташхиси билан одамлар шифокорга мурожаат қилганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Туман ҳокимлиги хабар юзасидан маълумот берди.

Келтирилишича, 2022 йилнинг 19 июль куни кеч соат 22:00 атрофида Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасига икки нафар бемор озиқ-овқатдан ўткир захарланишга гумон ташхиси билан бўлимга олиб келинган.
Беморлар билан суҳбатда улар тўйда турли салатлар еганини маълум қилишди. Шифокорлар томонидан келган беморларга керакли муолажалар ўтказилган.
Туман санитария ва осойишталик маркази ходимлари ҳамда участка тиббиёт ходимлари беморларнинг яшаш ҳудудидаги касалликка гумонланганларни туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар шифохонага кўзатувга олиб келинган. Гумондорлар текширувдан ўтказилиб, қоникарли аҳволдалиги сабабли уйига жавоб берилган. Ҳозирги вақтда шифохонада икки нафар бемор кузатувда. Уларнинг аҳволи ўртача оғирликда.
Ҳолат «Жозмон» маҳалласида деб нотўғри маълумот берилган. Ҳолат Ургут туманининг “Ғиштмачит” маҳалласида содир бўлган. Ургут туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, COVID-19 билан касалланган беморлар учун қўшимча 10 та ўрин ташкил этилган. Айни пайтда юқумли касалликлар бўлимида 85 нафар бемор даволанмоқда.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган 200 нафарга яқин одамлар Ургут туман юқумли касалликлар шифохонасида ётибди деб тарқалган хабар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жойлашган 5-сонли боғчада тарбияланувчилар оммавий заҳарланганди. Шунингдек, Хоразмдаги оилаларнинг бирида 5 нафар фуқаро ис газидан заҳарлангани ҳамда уларнинг бир нафар фарзанди вафот этгани хабар қилинган.